ФВВ: Автосервисдаги портлашда 2 киши вафот этган, 4 киши шифохонада
Хабарингиз бор, аввалроқ бугун, 14 март куни соат 11:40 ларда Учтепа тумани Чўпон ота МФЙ ҳудудида жойлашган “Аксава” МЧЖга қарашли икки қаватли автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчасида портлаш юз бергани, 2 та боксининг деразаси ва деворлари қисман қулаш содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
ФВВнинг бирламчи маълумотига кўра, ҳолатнинг келиб чиқишига кислород ёки газ баллонининг ёрилиши сабаб бўлганлиги тахмин қилинмоқда. Бунинг оқибатида 1 нафар фуқаро воқеа жойида ва 1 нафари касалхонада вафот этган. Шунингдек, 4 нафар фуқаролар турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохоналарга ётқизилган.
Айни вақтда ҳодиса содир бўлган жойда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.