ФВВ “Вестминстерда ёнғин” деб тарқалган хабар юзасидан маълумот берди

Кеча ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетида ёнғин содир бўлгани акс этган видео тарқалган эди.

Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик қисмига келиб тушган маълумотга кўра, 21 январь куни соат 20:27 да Миробод тумани Минг ўрик маҳалласи, Амир Темур шоҳ кўчасида жойлашган “Болажон” боғида ёнғин содир бўлган.

Мазкур боғ Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети ёнида жойлашган.

Воқеа юзасидан туман ёнғин-қутқарув бригадаси белгиланган манзилга соат 20:32 да етиб борган. Ёнғин соат 20:42 да ўчирилган.

Аниқланишича, боғдаги эски ошхона ички қисмининг 5 квадрат метр майдони ёнган. Юзага келган ёнғин сабаблари аниқланмоқда.