Гавҳар Алимова: Оқдарёда тунги барларда юрган қизлар тақдири бизни қийнамоқда

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, сенатор Гавҳар Алимова ЎзА мухбири билан уюштирилган суҳбатда Оқдарёдаги тунги барларда юрган қизлар ҳақида сўзлаб берди:

"Оқдарёда тунги барларда юрган қизлар бизни қийнамоқда. Бунда асосий муаммо онада. Кечаси қизи чиқиб кетса, она қандай қилиб билмаслиги мумкин? Яқинда 16 ёш қизнинг ҳомиладорлиги аниқланди. У 15 ёшда шу йўлга кирган, она билмадим, дейди елка қисиб. Бу жавобми? Нима учун қизининг тарбияси билан шуғулланиб, у билан дилдан суҳбатлашмайди? Нега ота ўғлини юриш-туришини назорат қилмайди, ўтириб гаплашмайди? Қани оилада отанинг ўрни?

Тўғри, мактаб-чи деймиз, у таълимга жавоб беради. Маҳалла деймиз, қарайди, қиз кўчада тинч юрибди. Ҳамма нарса оилада, уйда юз бермоқда. Мисол учун, куни кеча 17 ёш қиз уйдан чиқиб кетган. Онаси телефон қилиб, “Илтимос, шу қизимни қаматиб юборинг”, дейди. Ёш қиз ичаркан, чекаркан, уйдан чиқиб кетиб, бир ҳафта, ўн кун йўқ бўлиб кетармиш. Ҳаракат қилиб, бир кунда топдик. Шаҳарга олиб келиб, психолог бириктирдик. Битта дарсдан кейин қочиб кетди. Психолог ҳафтасига уч марта қатнаб, қизни уйига бориб дарс ўтмоқда. Тарбия оилада бўлмагандан кейин қийин экан", деган вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси.