Самарқанд шаҳридаги “Тунги клуб” иш юритувчиси озодликдан маҳрум қилинди
Судланувчи Латиф Ғуломов (исм, фамилиялар ўзгартирилган) 1987 йил Самарқанд шаҳрида туғилган. Шаҳардаги “Тунги клуб”да иш юритувчи бўлиб ишлаган. Муқаддам 5 марта безорилик содир қилиб, тарафларнинг ўзаро ярашганлиги сабабли иш ҳаракатдан тугатилган.
2017 йил август ойида безорилик қилгани, жабрланувчига тан жароҳати етказганлиги учун унга суд томонидан озодликни чеклаш жазоси тайинланган. 2018 йил октябрь ойида суд томонидан яна бир бор Латифга имконият берилиб, у ўталмай қолган озодликни чеклаш жазосидан шартли равишда озод этилган.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, Л.Ғуломов ўзига берилган имкониятдан тўғри фойдаланмасдан, керакли хулоса қилмасдан, яна бир бор қасддан жиноятга қўл урди...
Одатдаги кунларнинг бирида тунги клуб олдида икки фуқаро ўртасида жанжал келиб чиқади. Шу вақтда кўчадан ўтиб кетаётган Яқуб Шавкатов жанжални кўриб, ўз фуқаролик бурчини бажариш мақсадида можарони тўхтатишга шошилади ва фуқароларни ажратади. Шу вақт Л.Ғуломов югуриб келиб, ҳеч бир сабабсиз Я.Шавкатовни уриб йиқитиб, унга ўртача оғирликдаги шикаст етказади.
Суд томонидан Л.Ғуломовга берилган имкониятдан тўғри фойдаланмагани, керакли хулоса қилмасдан, яна бир бор қасддан жиноятга қўл урганлиги ҳамда ўталмаган жазоси борлигини инобатга олиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шоҳрух МИРЗААҲМЕДОВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.