Президент шифокорларга босим ва куч ишлатиш ҳолатларига эътибор қаратди: Энди уларнинг ишига тўсқинлик қилганлар жиноий жавобгарликка тортилади

Таъкидлаш жоизки, жойларда тиббиёт соҳаси вакилларига, айниқса, шошилинч ва тез тиббий ёрдам ходимларига нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Тиббиёт ходимлари билан мулоқот давомида давлат раҳбари тиббиёт ходимлари фаолиятига аралашув, улар дуч келадиган зўравонлик ва шу каби хунук ҳодисаларга тўхталди.

“Шифокорга қўл кўтариш, уни сўкиб, ҳақорат қилиш бизнинг инсоф-диёнатли, оқ кўнгил, меҳр-оқибатли халқимизга муносибми? Бу бизга мутлақо ярашмайдиган ҳолатдир”, деди Шавкат Мирзиёев.

Энди, тиббиёт ходимлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашган, уларнинг ишига тўсқинлик қилган ҳамда тажовуз кўрсатган кимсаларга нисбатан қонунчиликда алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади.