Ёзда ёнғинларнинг олдини олишда нималарга эътибор бериш керак?

Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумотларига кўра, юртимизда ёз мавсумида юқори ҳаво ҳарорати сақланиб қолмоқда. Бу эса аҳоли, корхона ва ташкилотлар томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига янада масъулият билан ёндашишни талаб этади.

Бундай пайтда аҳоли нималарга эътибор қаратиши керак? Zarnews.uz мухбири Самарқанд шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари Фарҳод Пардаевга шу савол билан мурожаат қилди.

Жорий йилнинг 5 июлидан 5 сентябрига қадар республика бўйлаб «Ёз фаслида ёнғинларнинг олдини олиш бўйича “Долзарб 60 кун” профилактик тадбири ўтказилмоқда, - дейди Ф.Пардаев. - Мазкур тадбирнинг асосий мақсади аҳоли турар жойлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, энергетика объектлари, бозорлар, савдо комплекслари, одамлар гавжум жойлар, саноат корхоналари, қурилиш майдонлари, кимёвий моддалар сақланадиган омборлар, оромгоҳлар, санаторийлар, дам олиш масканлари, ўрмон хўжаликлари ва уй-жой фонди объектларида ёнғинларнинг олдини олиш, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятлар хавфини камайтиришдан иборат.

Ёз фаслида ҳар бир фуқаро электр тармоқлари ва маиший электр жиҳозларидан меъёрий талабларга мувофиқ фойдаланиши, газ ускуналарини назоратсиз қолдирмаслиги, қуруқ ўт-ўланлар, маиший чиқиндилар ва хас-хашакларни ёқмаслиги, болаларни гугурт ва бошқа ёнувчан воситалар билан назоратсиз қолдирмаслик, аҳоли пунктлари, дала ва ўрмон ҳудудларида очиқ оловдан эҳтиёткорлик билан фойдаланиши ҳамда ёнғин хавфини келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатга бефарқ бўлмаслиги лозим.
Чунки кичик бир эҳтиётсизлик ҳам катта ёнғинларга, инсонлар ҳаёти ва соғлиғига, мол-мулкка ҳамда атроф-муҳитга жиддий зарар етказиши мумкин.

Ёнғинларни келтириб чиқарувчи асосий омиллар сифатида электр тармоқлари ва жиҳозларининг носозлиги ёки улардан нотўғри фойдаланиш, газ ускуналаридан хавфсизлик талабларига риоя этмаслик, очиқ оловдан эҳтиётсиз фойдаланиш, қуруқ ўт-ўлан ва чиқиндиларни ёқиш, тамаки қолдиқларини ўчирмасдан ташлаш, пайвандлаш ва бошқа оловли ишларни белгиланган тартибга амал қилмасдан бажариш, тез ёнувчан моддаларни меъёрларга зид сақлаш ҳамда болаларнинг гугурт ва ёнувчан воситалар билан назоратсиз қолдирилиши энг кўп учрайдиган сабаблар ҳисобланади. 
Ушбу омилларнинг ҳар бирига масъулият билан ёндашиш, мавжуд хавф-хатарларни ўз вақтида бартараф этиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш орқали кўплаб нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мумкин.

Ёнғин ёки бошқа фавқулодда вазият содир бўлганда қутқарув хизматларига хабар бериш ва атрофдагиларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Ёнғинларнинг олдини олиш фақатгина масъул идоралар эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир. Фақат барчамизнинг ҳушёрлигимиз, масъулиятимиз ва ҳамжиҳатлигимиз орқали инсонлар ҳаёти, мол-мулки ҳамда табиатимизни асраб қолишимиз мумкин. Шу боис барча юртдошларимизни «Долзарб 60 кун» профилактик тадбирларида фаол иштирок этишга ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилишга чақирамиз.