Ёш болани уриб, қовурғаларини синдирган энага 5 йилга қамалди
Самарқанд шаҳрида ўзига ишониб топширилган болани уриб, қовурғаларини синдирган энагага суд ҳукми ўқилди.
Маълум қилинишича, асли ургутлик бўлган 37 ёшли судланувчи Самарқанд шаҳрида ижарада яшаб, ўзи билан бирга яшаган танишининг фарзандига энагалик қилишга келишган. Эвазига ижара пулининг ярмини тўламаслигини айтган. Судланувчи ҳали вояга етмаган боланинг шўхликларини кўтара олмаган ва уни уриб-дўппослаб келган.
“Балки онасидаги аламимни ундан олгим келдими, балки фарзандсизлигим менга таъсир қилдими, нега ҳаммага беради, менга бермайди, дедим. Ҳамма нарсани ўйладим. Бир марта урдим, лекин яхшигина урдим. Қўлидан, қорнидан чимчиладим, юзига, думбасига урдим”, деди судланувчи.
Шунингдек, айбини яшириш мақсадида болани даволаш эвазига 500 минг сўм беришини айтиб, уни бошқа дугонасига бериб юборган. Аёл фарзанди қийналиб нафас олаётганини кўргач, уни шифохонага олиб борган. Судга оид тиббий экспертизанинг хулосасида боланинг чап юз яноқ ва бурун соҳаларида шилинма, кўкрак ва иккала қўл-оёқларида жароҳатлар аниқланган.
Қовурғаларининг синиши каби жароҳатлар ҳаёт учун ўта хавфли бўлган тан жароҳатлар, дея баҳоланган ва у ўтмас жисмлар таъсирида етказилгани кўрсатилган.
Суд ҳукмига кўра, аёл Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.