Самарқанд шаҳри Янги қўрғонча маҳалласидаги тунги клуб фаолиятига нега чек қўйилмаяпти?

Бугун вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган аппарат йиғилишида вилоят телевидениесининг “Очиқ мулоқот” кўрсатувида рўйхатга олинган мурожаатларнинг ижроси кўриб чиқилган. Қайд этилишича, жорий йилнинг шу давригача вилоят телевидениесининг “Очиқ мулоқот” кўрсатувида 3875 та мурожаатларнинг 19 таси муддатида ижро қилинмаган.

Масалан, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан Янги қўрғонча маҳалласида яшовчи Усмон Ўсаровнинг янги қурилган 7 қаватли 169-уй ертўласидаги тунги клуб фаолияти болалар ва ёшлар тарбиясини бузаётганлиги, тунги клуб антисанитария ҳолатида эканлигидан норозилиги сабабли, ушбу ҳолатни бартараф этишда ёрдам сўраб қилган мурожаати эътиборсиз қолдирилган.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги томонидан Қўшҳовуз маҳалласида яшовчи фуқаро Муҳаммадиева Жамиланинг 162-кўп қаватли уйни таъмирлаш ишлари чала қолиб кетганлиги, таъмирлаш ишларини якунига етказилиши тўғрисидаги мурожаати ҳам ҳалигача кўриб чиқилмаган.

Ургут тумани ҳокимлиги томонидан Чағизмон маҳалласида яшовчи Лобар Содиқованинг Баҳрин маҳалласидан меҳмонхона қуриш учун сотиб олинган 8 сотих ер майдони бўйича туман ҳокимининг қарори қабул қилинмаётганлиги ҳануз ҳал этилмаган.

Ургут тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан Дўстлик маҳалласида яшовчи Абдувоҳид Хурсановнинг туман марказий шифохонасида уролог врач ёки мутахассис йўқлиги, қачон Ургут марказий шифохонасида уролог врач қўйилади, деган мурожаати юзасидан амалий чора кўрилмаган.

Қўшработ тумани ҳокимлиги томонидан Зармитан маҳалласида яшовчи Салоҳиддин Мирзаевнинг маҳаллада электр симлари хавфли ҳолатда тургани, осилиб ётгани, тоза ичимлик суви ва йўлни таъмирлаш ҳамда сартарошхона қуриш учун ер майдони ажратиб бериш тўғрисидаги мурожаати кўриб чиқилмаган.

Шунингдек, мутасаддилар Дўстлик маҳалласида яшовчи Нафиса Ўроқовага туман Халқ банкидан 8 фоизлик кредит олиш учун ҳужжатлар тайёрланган бўлса-да, кредит ажратилмаётганлигига парво қилишмаяпти.

Ё.ГАДОЕВ.