Ҳафта давомида қандай об-ҳаво бўлади?
"Ўзгидромет" хабар беришича, бугун ва эртага Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми ғарбий оқим таъсирида бўлади, мамлакатимизга Каспий денгизи устида шаклланган кам нам ва нисбатан салқин ҳаво киради.
Бунинг натижасида республиканинг катта қисмида булутлиликнинг ортиши кутилмоқда. Тошкент вилояти, Фарғона водийси вилоятлари, республиканинг тоғолди ва тоғли туманларида шу кунларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Мамлакатимизнинг айрим жойларида шамолнинг тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.
Бутун республика бўйича ҳароратнинг пасайиши кутилмоқда. Эртага ҳаво ҳарорати 28-33 даражагача, жанубда 34-37 даражагача пасаяди.
19 августдан атмосферадаги ғарбий оқимлар жануби-ғарбий оқимлар билан алмашади. Республикамиз ҳудудига хорижий жанубдан иссиқ ва қуруқ ҳаво оқими кўтарилади.
19-21 августда бутун республика бўйича об-ҳаво асосан кам булутли бўлади, ҳарорат бироз кўтарилади. Агар 19 августда кундузги ҳарорат 28-33 даража атрофида бўлса, 20-21 август кунлари кундузи ҳаво 34-37 даражагача исийди.