Ҳафта давомида қандай об-ҳаво кузатилади?
Бугун ва эртага Ўзбекистонда об-ҳаво шароитини дам олиш кунлари ҳудудимизга кириб келган қуруқ ва деярли совуқ антициклон ҳаво массалари белгилайди.
Барча вилоятларда об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечалари 0-5 даража совуқ, кундуз кунлари 0-5 даража илиқ атрофида, баъзи жойларда 7 даража илиққача бўлади.
"Ўзгидромет"нинг хабар беришича, 23 декабрда Кавказ ҳудудларидан кириб келган бироз нам ҳаво массалари республика ҳудудлари бўйлаб силжийди. Республика ҳудудларининг кўп қисмида ёғингарчиликсиз, булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат марказий ҳудудлар бўйича баъзи жойларда бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди.
24-25 декабрда ҳудудимизга Эрон ҳудудларидан илиқ ҳаво массалари кириб келади. Ҳаво ҳарорати кўтарилади ва иш ҳафтасининг охирига келиб, кундуз кунлари ҳаво 7-12 даражагача исийди.
Ҳудудларнинг кўп қисмида шу кунларда ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Фақат республикамизнинг шимоли-ғарбий ҳудудларига 25 декабрда жанубий циклон кириб келиши бошланади. Бунинг ҳисобига Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида асосан ёмғир кўринишидаги бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин.