Ҳалокат бўлишини кутиш шарт эмас
8 май – Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятига асос солинган кун.
Айни кунларда жаҳон ҳамжамияти Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятининг 161 йиллигини нишонламоқда. Швейцариялик тадбиркор Анри Дюнаннинг ташаббуси билан 1863 йилда ташкил этилган ушбу жамият ҳозирги кунда жаҳоннинг 196 та мамлакатида Қизил Хоч ёки Қизил Ярим ой тимсоллари остида фаолият олиб бормоқда.
- Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти 1925 йилда ташкил этилган ва Халқаро Қизил Хоч, Қизил Ярим ой жамиятлари Федерациясининг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади, - дейди Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти Самарқанд вилоят ташкилотининг ижрочи директори Ҳайдар Холов. - Жамият ўз уставига асосан аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш ва биринчи ёрдам кўрсатиш асосларига ўргатиш, ўз қарамоғидаги фуқаролар ва моддий ёрдамга муҳтож кишиларга ижтимоий-моддий ёрдам бериш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, халқаро инсонпарварлик ҳуқуқларини тарғиб этиш ва фавқулодда ҳолатлар оқибатида яқинларидан ажралган оилаларни бирлаштириш каби йўналишларда фаолият олиб бормоқда.
Жамиятнинг Самарқанд вилоят ташкилоти томонидан ҳам ушбу йўналишларда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, фавқулодда вазиятлар содир бўлиш эҳтимоли юқори 62 маҳалла ва улар ҳудудидаги мактабларда ўқув ва амалий машғулотлар ўтказилиб, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш гуруҳлари ташкил этилди. Самарқанд шаҳридаги Кўксарой, Сайқал, Истиқбол, Мир Саид Барака, Сайқал, Ҳофиз Шерозий номли маҳаллаларда, Булунғур туманидаги Амир Темур номли, Истиқлол, Лалмикор, Олмазор, Ғўбдин маҳаллаларида, Тойлоқ туманидаги Гулобод маҳалласида, Ургут туманининг Кенагас, Чорчинор маҳаллаларида ва бошқа жойларда ариқлар тозаланиб, сув йўллари очиб берилди. Сел натижасида тўпланиб қоладиган сув хонадонларни босиб кетмаслиги учун монолит девор барпо қилинди, лотоклар ўрнатилди ва қувурлар ётқизилди, сув йиғиш қудуқлари ковланди. Булунғур туманининг Лалмикор, Каттақўрғон туманининг Жавлон, Ургут туманининг Кенагас маҳаллаларида артезиан қудуқлар ковланиб, аҳоли учун ичимлик ва экинларни суғориш учун сув чиқариб берилди.
Табиий офатларнинг олдини олиш ва талафотларни камайтириш мақсадида жойларда 1100 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Жамиятнинг вилоят ташкилоти қошида фавқулодда вазиятларда маҳаллий даражада қутқариш ва биринчи ёрдам кўрсатиш қобилиятига эга бўлган 162 нафар волонтёр кўнгиллилар тайёрланди. Шунингдек, 3350 киши фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш асосларига ўргатилди.
«Меҳр-шафқат хизмати» гуруҳи қарамоғига олинган ва моддий ёрдам сўраб келган 2204 кишига 839 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хўжалик буюмлари тарқатилди.
Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти фахрийлари, фаоллари, кўнгиллилари, кўп сонли аъзолари ва жамиятни қўллаб-қувватлаб турган ҳомийларни Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятининг 161 йиллиги билан тариклаймиз!