Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳар бир кун қувончдан бўлса бир варақ - бу сенинг бахтингдир

Марди Нуриддинов 1936 йилнинг 10 январида Каттақўрғон туманининг Янгиқўрғонча қишлоғида туғилган. 1986-1992 йилларда "Зарафшон" газетасида бош муҳаррир бўлган.

Марди Нуриддинов Самарқанд давлат педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетида таҳсил олган. Сўнгра хабар, мақола ва бадиий ижоди билан вилоят, республика газеталарида кўрина бошлади.

Ўтган асрнинг 60-йилларида туманлар қишлоқ хўжалик бошқармалари тузилиши муносабати билан Каттақўрғонда «Зарафшон» туманлараро газетаси таъсис этилди. Таҳририят муҳаррири Марди Нуриддиновни газетага ишга таклиф этди. У адабий ходим, бўлим мудири, масъул котиб вазифаларида хизмат қилди.

Қалами қайралиб қолган Марди Нуриддинов вилоят «Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») газетасига ишга таклиф этилди. У вилоятнинг бош нашрида масъул котиб ўринбосари, тарғибот бўлими мудири вазифаларида хизмат қилди.

1973 йили М.Нуриддинов илмий иш ҳам ҳимоя қилди. Кейинчалик вилоят партия қўмитасида йўриқчи, вилоят радио ва телевидение қўмитаси раиси, «Ленин йўли» газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси лавозимларида ишлади.

Ижодкорнинг «Зарафшон жилолари», «Миёнқол оҳанглари», «Сўлмаган гуллар», «Чаманзор атри» каби шеърий тўпламлари, «Қиндан чиққан қилич», «Муқанна ёки адашганлар фожиаси» тарихий қиссалари китоб жавонларидан жой олган.

Марди Нуриддинов кўп йиллар Каттақўрғон тумани ҳокими бўлиб ишлади. 2015 йилда вафот этди.

***

Шукрона айт
Агар ўз овулинг қадр этса сени,
«Ўғлим» деса севиб, бошингни силаб.
Уйинг мўрисидан чиқса тутуни,
Ҳовлингда болалар чопса дўмбиллаб –
Бу сенинг бахтингдир, беқиёс бахтинг.

Отанг қўлни очса дуога мудом,
Мунис онанг ёпса иссиққина нон,
Таъзим этса келин, ул қутлуғ қадам,
Қайнаб турса тинмай рўзғорда қозон,
Бу сенинг бахтингдир, беқиёс бахтинг.

Боғингда баҳорда яшнаса дарахт,
Ариқда тиниқ сув оқса шарқираб,
Ҳар бир кун қувончдан бўлса бир варақ,
Шодликдан кўздан ёш чиқса тирқираб,
Бу сенинг бахтингдир, беқиёс бахтинг.

Шукрона айлагил олий тақдирга,
Эъзозла ҳар босган қадаминг дур деб,
Беҳуда отингни бурма ўр-қирга,
Умр оти жуганин кетмасин узиб,
Бу, билсанг бахтингдир, беқиёс бахтинг.


Озод юртни бўлурми севмай?
Хушбўй сабо елар боғларда сокин,
Тенгсиз гўзалликка чўмилар тўймай.
Шивирлаб куйлайди мисоли оқин,
Юртим жаволидан завқланар тўймай.

Бу шундай бир юртки, қуёшга туташ,
Нур чақнар воҳаю водийларида.
Одамлар қалби ҳам ловуллар – оташ,
Қуёшнинг нури бор орзуларида.

Икки улуғ дарё юртим сочлари,
Қон томир сингари оқар бағрида,
Боғларин ўпади кенг қулочлари,
Гулчечак кўкартиб ернинг қаърида.

Пахта ўсар яшнаб, шовуллар буғдой,
Далалари эрур очилдастурхон:
Ноз-неъмат яратган боғларда боғбон,
Олмалар нақшинкор, анорлар чўғдай.

Саболар куйлашар юртим жамолин,
Ширин қўшиғини тинглайман тўймай.
Куйлатар шавқ ила юртим камолин,
Айтинг, озод юртни бўлурми суймай?!

Акрам Ҳайдаров.