"Ҳар бир оила – тадбиркор" дастури доирасида кредитлар кимларга ва қанча берилади?

Президентимиз қарорида белгиланганидек, тижорат банклари оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун энг кам иш ҳақининг 150 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномаси асосида ажратади.

Шунингдек, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик бизнес субъектларига ҳам учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулк гарови, жамғарманинг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари бўйича энг кам иш ҳақининг 1000 бараваригача миқдорда имтиёзли кредит берилади.

Ушбу микрокредитлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2018 йил 8 июндаги қарори билан тасдиқланган "Ҳар бир оила – тадбиркор" дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра, 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга йиллик 7 фоиз ставкада ажратилади.

Қарз олувчи жисмоний шахслар кредит олиш учун банкка ариза, паспорт нусхаси, жисмоний шахсларга кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбари ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бериладиган имтиёзли кредитлар бўйича тавсияномани тақдим этади.

Қарз олувчининг аризаси келиб тушган кундан бошлаб, тижорат банки томонидан уч иш кунидан ошмаган муддатда ушбу ариза бўйича асослантирилган қарор қабул қилинади.

Кредитлар қарз олувчига алоҳида кредит ҳисоб варағи очиш ва унинг тўлов топшириқномасига мувофиқ, ушбу ҳисоб варақдан нақд пулсиз шаклда пул ўтказиш йўли билан берилади. Жисмоний шахсларга имтиёзли микрокредит ажратилаётган лойиҳанинг ўзига хос жиҳатлари, кредит ҳисобига олинадиган товарни пул ўтказиш йўли билан сотиб олиш имконияти бўлмаган ҳолда ҳудудий ишчи гуруҳларнинг бу ҳақдаги хулосасига асосан микрокредитнинг бир қисми нақд пулда берилиши мумкин.

F.ҲАСАНОВ.