Ҳар бир таклиф аҳоли манфаатига қаратилган
1. Округ ҳудудидаги 17 маҳаллада 56 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг деярли барчаси ўз томорқасига эга ва шу кичик ер майдонларидан тадбиркорлик билан фойдаланиб, оиласи даромадини ошираётганлар кўп. Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилаётган кишилар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Давлатимиз томонидан тадбиркорлик учун кенг имкониятлар яратилиши натижасида жорий йилнинг январь ойида ҳудуддан 27 тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинди. Уларнинг 11 таси қурилиш материаллари, 7 таси мебель ишлаб чиқармоқчи, 3 таси транспорт хизмати, 6 таси маиший хизмат кўрсатиш ва савдо фаолияти билан шуғулланади.
Ҳудуднинг географик жойлашуви ҳисобга олинган ҳолда тадбиркорлар учун логистика маркази ташкил этиш ҳаракатидамиз.
2. Ўтган йил давомида сайловчилардан тушган мурожаатлар ва жойлардаги учрашувларда билдирилган таклифлар асосида туманни 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастурига ўндан ортиқ таклиф киритдим.
Жумладан, Равонак, Чумчуқли, Бадал, Пулимуғоб маҳаллаларида электр энергияси таъминотини яхшилаш учун 7,6 километрлик ҳаво тармоғи реконструкция қилинади.
31-сон мактабгача таълим муассасаси учун 100 ўринга мўлжалланган қўшимча бино қурилади.
Иккита маҳалла аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида артезиан қудуқлари ковланади.
3. Ҳаракатлар стратегиясини жорий йилда амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси юзасидан сайловчилар билан учрашиб, уларнинг таклифларини эшитдим. Ушбу муҳокамалар жараёнида билдирилган фикрлар асосида таклифларни тайёрлаб, ҳокимлик ва вилоят Кенгашига тақдим этдим.
Аҳоли билан учрашувлардаги мурожаатлардан келиб чиқиб, январь ойида тегишли ташкилотларга 3 та депутатлик сўрови юбордим ва уларнинг иккитасига ижобий жавоб олдим.
Вилоят Кенгашидаги Халқ демократик партияси депутатлик гуруҳи аъзоси сифатида навбатдаги сессияга тайёрланаётган масалалар юзасидан иккита доимий комиссияга ўз таклифларимни бердим.
Ўктам САИДМУРОДОВ,
47-Равонак сайлов округидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.