Ҳар дақиқа асрлардек ғанимат

Азиз талабалар!
Кундан кунга авж олаётган коронавирус пандемияси сайёрамиз инсонлар яшайдиган барча минтақаларини ўз исканжасига олиб, бутун дунё мамлакатлари иқтисодиёти, маданий, савдо, сайёҳлик алоқалари ва ишлаб чиқаришига зарар етказмоқда. Ҳатто, юксак тараққий этган Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Германия, Италия, Испания каби қудратли мамлакатларда ҳам одамлар бу вирусни юқтириб, ҳалок бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 3 апрель куни ўтказган видеоселектор йиғилишида яна бир бор халқимизга мурожаат қилиб, карантин даврида мамлакат бўйлаб жорий этилган тартиб-қоидаларга, шахсий гигиена ва тиббий талабларга сабр-чидам, темир интизом билан амал қилишга чақирди.
Жумладан, талабалар ва ўқувчи-ёшларга алоҳида эътибор қаратиб “Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг”, деб таъкидлади.
Дунё тарихидан маълумки, инсоният жамияти урушлар, табиий офатлар, вабо, ўлат каби ўта юқумли касалликларнинг оммавий тарқалиш ҳолларини кўп марта бошидан кечирган. Коронавирус пандемиясининг дунё бўйлаб жуда кенг ёйилиши ҳам инсониятнинг сабр-бардоши ва иродасини синовдан ўтказаётган навбатдаги офатдир. Бу кўринмас глобал офатни замонавий дори-дармонларни қўллаш билан бир қаторда мустаҳкам тартиб-интизом, шахсий гигиена ва белгиланган тиббий талабларга қатъий риоя этган ҳолда бирлашиб, биргаликда, ҳамжиҳатлик билан енгиш мумкин.
Бундай таҳликали пайтда сиз, талаба-ёшларнинг узоқни кўра биладиган оқил зиёлиларимиз сафида туриб, халқимизни ортиқча эҳтирос ва ваҳималарга берилмасдан, босиқлик, вазминлик билан иш тутишга, тартиб-интизомга, белгиланган гигиена ва тиббий талабларга қатъий риоя этишга чақиришда ўрнингиз муҳим. Чунки зиёлиларга хос бўлган элпарварлик, ватанпарварлик, ижтимоий бурч каби олий фазилатлар мана шундай оғир синовли пайтларда яққол намоён бўлади.
Коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин шароитида мактабгача таълим, ўрта ва олий таълим тизимида таълим-тарбия ишлари онлайн тарзда давом эттирилмоқда. Мана шундай оғир шароитда ҳам университетнинг фидойи профессор-ўқитувчилари улуғ аждодларимиз анъаналарига содиқ қолиб, давр руҳи ва талабини чуқур ҳис этиб, карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда, онлайн дарслар сифатини янада оширишга, мавзуларни шогирдларига тушунарли ва содда тилда самарали етказиб беришга интилмоқдалар.
Коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин давом этмокда. Шундай экан, бугун бор имкониятдан унумли фойдаланиб, онлайн машғулотларда фаоллик кўрсатиб, ўқув материалларини, дастур ва режалардаги мавзуларни тушуниб чуқур ўзлаштириш, берилган топшириқларни ўз вақтида тўлиқ бажариб, саволларга тўғри, мантиқли жавоблар йўллашга ҳаракат қилинг.
Унутманг! Ёзги сессия натижалари сиз, талабалар учун қанчалик муҳим аҳамиятга эга бўлса, устозлар учун ҳам шундай мураккаб даврдаги меҳнати маҳсули бўлади.
Рустам Холмуродов,
Самарқанд давлат университети ректори,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.