Ҳар куни ўртача 6 киши йўлда вафот этяпти

Бу барчани қаттиқ ташвишга солиши керак.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда Республикамиздаги бугунги ҳақиқий ҳолат танқидий таҳлил қилиниб, соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар кўплиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари охирги 7 йилда йўлларни қуриш ва таъмирлашга 61 триллион сўм ажратилган бўлишига қарамасдан, 2024 йилда 9 минг 364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани, автоҳалокатлар туфайли 2 минг 203 нафар одам ҳалок бўлгани, қарийб 9 минг фуқаро жароҳат олганини афсус билан қайд этди.

Президент авариялар сони юқорилигича қолаётган ҳудудлар ва оғир оқибатли авариялар кескин камайган туманлар ҳақида тўхталиб, қаерда ҳоким ва ЙҲХХ биргаликда йўл инфратузилмаси билан жиддий шуғулланган бўлса, ўша ерда ўзгаришлар кузатилганини таъкидлади.

Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва инфратузилмани яхшилаш мақсадида бундан буён “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси фаолияти қайта ташкил қилиниши маълум қилинди. Жамғарма маблағини шакллантиришда барча вилоят ва туманларнинг имконияти бир хил эмаслиги кўрсатилиб, жамғармага маблағларни лойиҳаларни молиялаштириш учун вилоят ва туманларга тақсимлаш ваколати берилди.

Аввало, ҳар йили минглаб одамнинг йўл-транспорт ҳодисаларидан кўз юмаётгани эътибордан четда қолмаслиги лозим. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида кунига ўртача 6 нафар инсоннинг ҳалок бўлаётгани нафақат статистика, балки ҳар бир юртдошимиз учун чуқур қайғу ва фожиа ҳисобланади. Демак, йўл инфратузилмаси, пиёдалар ўтиш жойлари ва қайрилиб олиш жойларининг ноқулайлиги, ҳайдовчилик маданиятининг етишмаслиги ҳамда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини етарли даражада билмаслик каби муаммолар тубдан ҳал этилиши керак.

Шу сабаб автомобиль тўхташ жойларининг етарли даражада ташкил этилмаганлиги, жамоат транспортининг жадвалга мувофиқ ишламаслиги ва айрим ташкилотларнинг кўчаларни тўсиб қўйгани танқид қилинди.

Сурункали қоидабузарлик бўйича қатъий чоралар белгиланиши, қоидабузарларга нисбатан қонуний чора кўрилиши ҳайдовчиларни ҳам, йўловчиларни ҳам тартибга чақиради.

Аслида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш нафақат ҳайдовчилар, балки пиёдаларнинг ҳам масъулиятини оширишни талаб этади. Шу маънода йиғилишда мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари бўйича махсус дастурлар янгиланиши белгилангани партиямиз дастурий мақсадларига мос тушади. Бундан ташқари, “Яшил чироқ” мусобақалари қайта тикланиши ва ғолиблар Президент совғаси билан тақдирланиши қайд этилди. Ёшлар онгини шакллантириш учун замонавий видеороликлар, аниматсион контентлар ишлаб чиқилиши белгилангани эса электоратимиз – зиёлилар олдига ҳам янги вазифалар қўяди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур йиғилиш йўл ҳаракати тизимида туб бурилиш қилишга интилаётган давлат сиёсатининг ёрқин ифодаси бўлди.

Умуман, ҳар бир топшириқ, ажратилаётган маблағ ва амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида инсон ҳаёти, унинг саломатлиги ва хавфсизлиги туради. Энди бу жараёнларда барча давлат органлари, маҳаллий ҳокимликлар, жамият вакиллари ҳамкорликда қатнашиб, белгиланган вазифаларни бажариши керак. Шундагина йўлларимиз хавфсиз, ҳаракат эса маданиятли ва тартибли бўлади.

Акбар Ахтамов,

«Миллий тикланиш» демократик партиясидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.