Ҳаракатлар стратегияси ва уни янги Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятида намоён бўлишини ҳаётнинг ўзи тасдиқлади
ТОШКЕНТ, 29 июль. /“Дунё” АА/.
“Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолигига қабул қилиниши давлатимизни халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида мақомини белгилади. Бу халқаро мақом мамлакат Конституциясида белгиланган республика ташқи сиёсатининг фундаментал принципларини мустақил амалга оширишга мустаҳкам асос яратди”, деб таъкидлади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Шартнома-ҳуқуқ бошқармаси бошлиғи, профессор Комил Рашидов “Дунё” ААга тақдим этган шарҳида.
- Хусусан, Ўзбекистон халқаро майдонда кўплаб суверен давлатларнинг мустақиллигини тан олди, - деб давом этди эксперт. - Мазкур жараён аввал Олий Мажлис қарорлари асосида амалга оширилди. Республика БМТ аъзолигига қабул қилингач ва 1992 йил 8 декабрь куни Конституция қабул қилинганидан сўнг эса хорижий мамлакатлар билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари асосида тасдиқланмоқда. Шу пайтга қадар Ўзбекистон 137 та давлат билан дипломатик алоқалар ўрнатди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий муносабатларнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг шартномавий–ҳуқуқий базасини шакллантирди ва уни ўзаро манфаатли соҳаларда ривожлантирмоқда. Бинобарин, халқаро шартномалар халқаро ҳуқуқнинг асосий манбалари бўлиб, давлатлараро муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини шакллантиради ҳамда томонлар мажбуриятларининг барқарорлиги учун кафолат ҳисобланади.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистоннинг қўплаб давлатлар билан икки томонлама халқаро шартномалари, шунингдек, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг универсал конвенциялари ратификациялари Олий Мажлис ва Президент қарорлари асосида амалга оширилди. Бунинг негизида халқаро ҳуқуқнинг ва мустақил давлатнинг умум эътироф этилган қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, хусусан, унинг ташқи сиёсат бобида, Олий Мажлис ва Президентнинг ташқи сиёсий фаолият соҳасидаги конституциявий ваколатларида мустаҳкамланди.
Ўзбекистонда халқаро шартномалар соҳасини тартибга солувчи илк норматив-ҳуқуқий ҳужжат 1993 йил 7 май куни қабул қилинган қонун бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси билан халқаро молия институтлари ўртасидаги халқаро заём ва кафолатли шартномалар ҳамда битимлар тузиш ва денонсация қилишни тартибини белгилади.
Кейинчалик 1995 йил 22 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонуннинг ижросини таъминлаш доирасида Вазирлар Маҳкамасининг бир неча қарорлари қабул қилинди.
Бироқ Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисидаги аввалги қонунчилик ҳужжатларида халқаро шартномаларни ҳуқуқий ва бошқа экспертизадан ўтказишнинг предмети белгиланмаган, халқаро шартномаларни бажарилишини таъминлаш ва бу жараён устидан кузатув олиб бориш механизми етарли шакллантирилмаган ҳамда халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини инвентаризация қилиш каби масалаларга эътибор қаратилмаган эди.
Ушбу масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ҳамда мустақил Ўзбекистоннинг шартномавий-ҳуқуқий амалиётида тўпланган тажрибани инобатга олиб, 2019 йил 6 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган мамлакатни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосий мақсади республикада амалга оширилаётган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга мос ташқи сиёсатнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини шакллантиришдан иборат эди.
Қонуннинг «тўғридан-тўғри амал қилиши»ни таъминлаш мақсадида аввал амалда бўлган 5 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат – 2 та қонун ва 3 та қонунчилик ҳужжати унга бирлаштирилди.
Қабул қилинган янги қонун ўз хусусиятига кўра дунёнинг 116 давлати иштирокчи ҳисобланган 1969 йилдаги Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги Вена конвенциясининг имплементация қилинган акти сифатида намоён бўлади.
2012 йил 10 сентябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун мамлакат ташқи сиёсатининг асосий фундаментал принципларини, чет давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликнинг стратегик устувор йўналишларини белгилаб берди.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолият концепциясида халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кучайтириш ва такомиллаштириш, икки ва кўп томонлама истиқболли битимлар тузиш ягона давлат сиёсати юритишнинг сиёсий-дипломатик воситаларидан бири сифатида белгиланган.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида давлатимиз томонидан яқин ва узоқ хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан алоқаларни янада мустаҳкамалаш ва кенгайтиришга қаратилган ташқи сиёсий фаолият дунё ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилиб, халқаро майдонда Ўзбекистон томонидан билдирилган ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган минтақавий ва глобал муаммолар ечими бўйича халқаро ташаббуслар асосида БМТ Бош Ассамблеясининг 4 та махсус резолюцияси қабул қилинди.
Бугунги кунда мамлакатнинг халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлари доираси сезиларли даражада кенгайиб, йилдан-йилга салмоғи ҳам тобора ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикасининг шартномавий-ҳуқуқий базасини
4 минг 200 дан ортиқ ҳужжат ташкил қилиб, улардан 500 га яқини универсал ва минтақавий характерга эга кўп томонлама халқаро шартномалардир. 3 минг 700 дан ортиғи эса икки томонлама халқаро ҳужжатлар ҳисобланади.
Хусусан, охирги беш йил давомида хорижий ҳамкорлар билан 781 та халқаро ҳужжатлар имзоланди, шунингдек, Ўзбекистон 26 та универсал халқаро шартномаларнинг аъзосига айланди.
Ушбу халқаро шартномалар асосан инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш, савдо-иқтисодий, ҳарбий-техникавий, молиявий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ҳамкорлик, солиқ, меҳнат, транспорт, энергетика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, жиноятчиликка қарши курашиш каби соҳаларга оид.
Шу ўринда мамлакатимизнинг яқин қўшни ва бошқа ҳамкор давлатлар билан стратегик шериклик муносабатлари айнан икки томонлама ҳужжатлар билан тартибга солинишини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Хусусан, сўнгги йилларда Туркманистон (2017), Қирғизистон (2017), Туркия (2017), Тожикистон (2018), Венгрия (2021), Покистон (2021) билан муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди ва аввал стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилган АҚШ, Япония, Озарбайжон, Россия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой, Қозоғистон давлатлари билан бундай муносабатларнинг янада мустаҳкамланишида халқаро ҳужжатлар ҳуқуқий таянч вазифасини бажариб келмоқда.
Мустақилликнинг илк йилларида мазкур соҳадаги асосий эътибор хорижий давлатлар билан ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини шакллантиришга қаратилган бўлса, бугунги кундаги долзарб вазифа “Ҳаракатлар стратегияси” ва “Йил дастурлари”да белгиланган вазифалар ечимига қаратилган халқаро ҳамкорликни янада ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш ва халқаро норма ижодкорлигида фаол иштирок этиш ҳисобланади.
Ўтган давр мобайнида “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ халқаро шартномаларни Ташқи ишлар вазирлиги билан келишишнинг икки босқичли тизими жорий этилиши анча долзарб ва муҳим амалиётни ҳаётга тадбиқ этди.
Жумладан, қонунда биринчи марта халқаро шартномаларнинг амалий аҳамиятини ўрганиш, улар матнларини ҳуқуқий, иқтисодий, тилшунослик нуқтаи назаридан ва бошқа турдаги экспертизадан ўтказиш бўйича қоидалар белгилангани уларнинг сифатига бўлган талабнинг кучайтирилишига хизмат қилмоқда.
Яна бир янгилик, қонунда халқаро актларнинг (декларация, қўшма баёнот, англашув меморандуми ва бошқалар) ҳуқуқий ҳолатига ҳам аниқлик киритилди, уларни қабул қилиш тартиби соддалаштирилди.
Бу турдаги ҳужжатлар ҳозирги даврда мамлакатнинг халқаро алоқалари фаоллашуви шароитида тезкорлик ва мослашувчанликни таъминлашга, давлатлар билан дастлабки келишувларга кечиктирмасдан эришишга имкон бермоқда.
Мамлакатимизнинг янги ташқи сиёсий фаолияти шароитида халқаро шартномаларни тузиш ва имзолашни режалаштириш бўйича ҳамда кучга кирган халқаро шартномаларни бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан тасдиқланган “Йўл хариталари”ни қабул қилиш амалиёти кенг тадбиқ этилди. Бу эса, ўз навбатида, ҳужжатлар лойиҳаларини ҳамда халқаро шартномага қўшилиш масаласини экспертлар даражасида пухта ўрганишга, халқаро шартномалар нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиниши ва бажарилишини таъминлашга, ушбу масалаларда ваколатли давлат органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш, уларни самарали қўллай олиш бугунги кунда, айниқса пандемия шароитида давр талабига айланди. Жумладан, ҳозирда видеоконференцалоқа режимида хоржий ҳамкорлар билан халқаро шартнома ва ҳужжатлар лойиҳалари бўйича музокараларни онлайн ўтказиш ва ҳужжатларни дипломатик каналлар орқали имзолаш амалиёти кенг тус олди. Қолаверса, имзоланган, кучга кирган халқаро шартномалар тўғрисида аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ижтимоий тармоқларда доимий равишда ахборот бериб борилмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда республика халқаро шартномаларини ҳисобга олиш, инвентаризация қилиш ҳамда уларнинг ижросини мониторинг қилиш бўйича ишларни такомиллаштириш учун замонавий информацион технологиялари жорий этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ягона тарзда ҳисобга олишнинг, инвентаризация қилишнинг ва уларнинг амалга оширилиши юзасидан мониторинг қилишнинг электрон маълумотлар базаси яратилади.
Мазкур электрон маълумотлар базасининг ишга туширилиши нафақат халқаро шартномаларни ижро этилиши бўйича вазирлик ва идоралар ўртасида ўзаро фаолиятни мувофиқлаштириш ва яхшилашга, балки самарали, қулай ва фуқароларга йўналтирилган давлат хизматларини кўрсатиш тизимини яратишга, шунингдек, жамоатчиликка Ўзбекистон Республикасининг икки ва кўп томонлама халқаро шартномалари ҳақида тўлиқ ахборот беришга хизмат қилади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда халқаро институционал ҳамкорликка, хусусан, БМТ ва унинг ихтисослашган ташкилотлари, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида кўп томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам устувор аҳамият берилмоқда.
Ўзбекистон мазкур халқаро институтлар доирасида қабул қилинган транспорт ва логистика, интеллектуал мулк ҳуқуқи, меҳнат ҳуқуқи, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маданият соҳаларида универсал ва минтақавий аҳамиятдаги кўп томонлама халқаро шартномаларнинг иштирокчисига айланди. Хусусан, Иқлим ўзгариши бўйича Париж битими, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг Муаллифлик ҳуқуқи бўйича конвенцияси, Халқаро меҳнат ташкилотининг Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сонли конвенцияси, Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенцияси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенция, ЮНЕСКОнинг Маданий ифодаларининг турли хил шаклларини муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги конвенцияси, Вақтинча олиб кириш тўғрисидаги Истанбул конвенцияси, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция каби муҳим шартномалар шулар жумласидан.
2019 йилда Ўзбекистон туркий тилли давлатлар билан муносабатларини янада кенгайтириш, улар билан интеграциялашувни чуқурлаштириш мақсадида “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисида”ги Нахичеван битимига қўшилди ва Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши аъзосига айланди.
Ўзбекистон 2020 йилнинг 4 мартидан бошлаб Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди.
Ўз таркибига 84 та давлат ва Европа Иттифоқини бирлаштирган ушбу ташкилот халқаро хусусий ҳуқуқни унификация қилиш масалалари билан шуғулланади. Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши халқаро фуқаролик, оилавий ва хусусий ҳуқуқнинг унификацияси жараёнида мамлакатимизнинг иштирокини таъминлашга хизмат қилиб, келажакда қабул қилинадиган халқаро ҳужжатларда миллий манфаатларимизни ҳам акс эттириш имконини яратади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида (2020 йил 29 декабрь) давлатимиз олиб бораётган очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсатни инобатга олиб ҳамда узоқ муддатли стратегик мақсадларимиздан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилиши назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини такомиллаштириш юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги томонидан таклифлар ишлаб чиқилган. Ҳозирда унинг таҳрири ваколатли давлат органларининг келишув жараёнидан ўтмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Концепция такомиллаштирилиши жараёнида мамлакат ташқи сиёсатининг фундаментал ва конституциявий принципларига, шунингдек, “Ҳаракатлар стратегияси”, 2018 йил
9 январдаги ЎРҚ-458-сонли қонун билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринасида мустаҳкамланган асосий принципларнинг ўзгармаслигига урғу берилди.
Яна бир долзарб масалалардан бўлган Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши ҳамда Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш бўйича фаол музокаралар олиб борилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Ҳаракатлар стратегияси ва уни янги Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятида намоён бўлишини ҳаётнинг ўзи тасдиқлади, халқимиз томонидан маъқулланди ва халқаро ҳамжамият, энг аввало, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан кенг эътироф этилмоқда.