Ҳарбий судларда нима ўзгаради?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, ҳарбий суд тизимида ҳам бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Бу борада ҳарбий суд судьяларининг штат бирликлари Қуролли Кучлари таркибидан Олий суд тизимига ўтказилишини қайд этиш ўринли. Ваҳоланки, илгари ҳарбий судьяларнинг Мудофаа вазирлиги штатига киритилган бўлганлиги учун ушбу вазирлик ижро ҳокимияти органи ҳисобланиши туфайли суд ҳокимияти ижро органи таркибий бўлинмасига айланиб қолганди.

Президентимизнинг 2017 йил 21 февраль кунги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Ҳарбий суд, округ ва ҳудудий ҳарбий судларнинг 159 та штат бирлиги қисқартирилиб, Ҳарбий суднинг қўриқлаш взводи тугатилди. Ўз навбатида Олий суд ҳарбий ҳайъати, ҳарбий суд, округ ва ҳудудий ҳарбий судлар штат бирликлари судьялар ва ҳарбий судлар ходимларидаги ҳарбий хизматчилар ҳуқуқий мақоми, шу жумладан, ҳарбий хизматчилар учун белгиланган ҳуқуқ, имтиёз ва афзалликлар сақланмаган ҳолда Қуролли Кучлари таркибидан Олий суд тизимига ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодекси 13-моддасининг 5-қисмида “Тегишли суд ҳайъатларида апелляция, кассация ва назорат тартибида ишларни кўриш уч нафар судьядан иборат таркибда амалга оширилади” деб белгиланган.

Ҳозирги кунда ҳарбий суднинг судьялар сони 5 тани ташкил этганлиги боис Ҳарбий суди томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни апелляция ёки кассация тартибида ҳамда Ҳарбий суди томонидан ишларни апелляция ёки кассация инстанциясида кўриб чиқишлик учун судьялар сони камлиги (кворум бўлмаганлиги) сабабли кўплаб ишлар Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар ёки бошқа вилоят судлари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Бу эса жиноят ишлари бўйича судларнинг ҳарбий жиноятларга оид ишларини кўришда малакаси йўқлиги, уларнинг умумҳарбий низомлар ва давлат сирларига оид қонун-ҳужжатлар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг етарли даражада билмасликлари боис, кўплаб суд қарорлари бекор бўлиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига путур этишига олиб келаётган эди.

Президентимизнинг 2020 йил 24 июль кунги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга мувофиқ Ҳарбий суд тизимининг ташкилий-штат тузилмасида судьялар сони 7 тани ташкил этиши кўзда тутилган. Яъни, давлатимиз раҳбарининг фармони билан 2021 йил 1 январдан юқорида баён этилган муаммо бартараф этилиши белгилаб берилди.

Умуман, Президентимизнинг ушбу фармони судлар фаолияти ва одил судловни амалга ошириш йўлидаги улкан ислоҳот бўлди.

Б.БАБАКУЛОВ,

Самарқанд ҳарбий судининг раиси.