Ҳарбийлар Бобур ҳақида қанчалик билимга эга?
Марказий ҳарбий округ маънавият ва маърифат марказида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий кеча ўтказилди.
Самарқанд давлат унверситети профессор-ўқитувчилари, бобуршунос олимлар, ҳарбий-хизматчилар ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этган тадбирда Бобурнинг бой маънавий мероси, давлат бошқарувидаги ўрни, ҳарбийликдаги маҳоратлари хусусида сўз борди.
– Бобур нафақат саркарда, балки шоир ва тарихчи ҳам бўлган, – дейди СамДУ ўқитувчиси Феруза Асланова. – “Бобурнома”нинг ўзида 30 яқин фан бўйича аниқ илмий маълумотлар жамланган. Унда муаллифнинг ҳаёти, дунёқараши, яшаш тарзи ҳам тўлиқ акс эттирилган. Шоҳ ва шоирнинг кузатувчанлиги, атрофдаги барча ўзгаришлар, табиатнинг нодир воқеалари, жумбоқ ва мўъжизаларини ўрганмагунга қадар изланавергани кишини ҳайратга солади. Ҳозирда “Бобурнома” асари кўплаб тилларга таржима қилинган. Бу зотнинг тарих ва маданиятимиз олдидаги хизматлари беқиёс.
“Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди” ҳафталиги доирасида ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчилар ўзларининг билимларини синовдан ўтказди. Танловда 13060-ҳарбий қисм мерганлари, муҳандис сапёрлар ва радиоцион кимёвий ҳимоялаш взводларидан ташкил қилинган жамоалар шоир ҳаёти ва ижоди тўғрисида саволларга жавоб қайтарди. Ғазаллар ўқиб, саҳна кўринишлари намойиш этди.
Якуний натижага кўра мерганлар взводининг “Бобурий издошлари” жамоаси барча шартларни аълога бажариб ғолиб бўлди. Шунингдек, табдирда Самарқанд шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактаби рақс тўгараги аъзоларининг чиқишлари тадбирга файз киритди.
Бахтиёр Мустанов.