“Турон”да актёрлик, “Иқтидор”да созандалик синовдан ўтказилди

Хабар қилганимиздек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мактаб театр жамоалари ўртасида “Турон” ҳамда миллий чолғу санъати бўйича мактаб ансамбллари ўртасида “Иқтидор” кўрик-танловининг республика босқичи Самарқандда ўтказилди.

“Турон” танловининг якуний мамлакат босқичида умумтаълим мактабларининг 6-11-синф ўқувчиларидан иборат жамоалар ўз мактабларини театрлаштирилган ҳолда таништириш ҳамда 5 та театр санъатига оид саволга жавоб бериш ва “Театр  ибратхона” шартида маълум бир асар асосида кичик саҳна спектаклини намойиш этишди.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур  туманидаги 169-мактабнинг “Янги Ўзбекистон жадидлари” жамоаси ушбу шартларни энг яхши бажарган жамоа деб топилди. Улар Туркияга таълим саёҳатини амалга ошириш учун йўлланмани қўлга киритди.

Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги 39-умумий ўрта таълим мактабининг “Янги юлдузлар” жамоасига иккинчи, Бухоро вилояти Когон шаҳридаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг “Элегант” жамоаси учинчи ўринга муносиб деб топилди.

Умумтаълим мактабларининг миллий чолғу санъатига қизиқиши юқори бўлган 6-10-синф ўқувчиларини ўзида жамлаган “Иқтидор” танловида ҳам иштирокчилар ўртасида баҳс қизғин кечди. Миллий чолғу созларини маҳорат билан чалган ёш созандалар мухлислар, мутахассислар эътирофи ва олқишига сазовор бўлди.

Мазкур танловда биринчи ўрин Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 46-мактабнинг “Ёш ҳаваскорлар” жамоасига насиб этди. Низомга мувофиқ, танлов ғолибларига Озарбайжон Республикасига таълим саёҳати учун йўлланма берилди.

Кейинги совринли ўринлар Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги 11-ИДУМнинг “Санъат ғунчалари” ва Фарғона вилояти Фарғона туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактабининг “Шодиёна” жамоаларига насиб этди.

Ушбу танловларнинг тақдирлаш маросими Самарқанд шаҳридаги “Боқий шаҳар” мажмуасида ўтказилди. Танловларда совриндор бўлган жамоалар ҳам ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева иштирок этди. Эътиборлиси, Президент топшириғига биноан, Қўшработ туманидаги ўқувчилар учун 17 та янги мактаб-автобуси тақдим этилди. Ушбу ажойиб совға тумандаги 20 та олис мактабда таҳсил олаётган 750 нафардан зиёд ўқувчига хавфсиз ва қулай тарзда ўз синфхоналарига етиб бориш имконини беради.