Хатлов ўтказишдаги сусткашлик кадастрга боғлиқми ёки...

“Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунга асосан 2024 йил 8 ноябрдан ҳудудларда хатлов ишлари олиб борилмоқда. Бироқ хатлов ишлари белгиланган режадан анча ортда қолаётгани кузатилмоқда.
Айримлар мутахассис етишмовчилигини важ қилиб кўрсатишса, соҳа ходимлари бириктирилган идораларнинг кўмаклашмаётгани, хонадонларни ўрганишда муаммолар кўплигини айтишади.
Ҳолатни ўрганиш учун 77 маҳалладан иборат Самарқанд туманида бўлиб, жараёнда бевосита иштирок этдик.
- Иккита мутахассис битта гуруҳ бўлиб хатлов ўтказиши белгиланган маҳаллалар кичик ҳудуд, 2-4 та кўча гузар (полигон)га бўлинган ва биз ўша полигонлардаги хонадонларнинг ташқи қисми, уй-жойнинг чегаралари йўл ўлчамларини аниқлаб, топография ишларини олиб борамиз, - дейди Кадастрлар палатаси туман бўлими топографи Фурқат Солиев. – Кейин техник мутахассислар уй-жойнинг ички қисмини ўлчаб, бизнинг чизмага қўшади. Сув йўли ўтган бўлса, хонадон ва кўчага қўшмаган ҳолда алоҳида ажратиб кўрсатамиз. Андижони маҳалласида хатлов ишларини бошлаганимизга 20 кундан ошди, ҳали яна 2 ҳафтага яқин шу маҳаллада ишлаймиз. Чунки, биринчидан, катта ва эски маҳалла, хонадонлар зич жойлашганлиги учун мураккаблиги юқори ҳисобланади.
Режага кўра, туманда 2024 йил ноябрь, декабрь ойларида Бўзи, Ангоролмос ва Андижони маҳаллаларида, 2025 йилда эса тумандаги 16 та маҳаллада хатлов ўтказиш белгиланган. Бироқ ишнинг мураккаблиги, техника, кадрлар етишмовчилиги, хонадонларга кириб ўлчов ўтказишдаги қийинчиликлар, қонун билан бириктирилган ва кадастр ходимларига ёрдам бериши кўзда тутилган ташкилот вакилларининг бепарволиги туфайли 2024 йил ноябрь, декабрь ойларига белгиланган маҳаллаларнинг хатлов ишлари 2025 йил июнь ойида якунланаркан. Мутахассисларнинг айтишича, 2025 йил учун белгиланган 16 та маҳаллада хатлов ўтказиш ишлари июнь ойида бошланади. Икки нафар топограф ходим, битта таҳометр ускунаси билан 1500 га яқин хонадони бор маҳаллада бир ойдан ортиқ хатлов ўтказса режадаги бошқа маҳаллаларга қачон навбат келади? Балки бу масаланинг ечими сифатида қўшимча ходим жалб қилиш керакдир.
Жараённи бевосита кузатиш учун иккита ходимдан иборат битта гуруҳнинг иши билан танишдик.
- Андижони маҳалласида яшовчи Мартаба Маъдиева хонадонида хатлов ўтказиш учун соат 10:30 да келган эдик, ҳозир соат 12:10 бўлди ва биз ўлчаш ишларини якунладик, - дейди Кадастр палатаси Самарқанд туман филиали муҳандиси Заршед Раҳмонов. – Кунига ҳар бир ходим учун камида учта хонадонда хатлов ўтказиш режаси берилган ва иккита мутахассис гуруҳ бўлиб ишлагани учун кунига 6 та хатловни якунлаши лозим. Лекин бунинг учун кунига камида 12-15 та хонадоннинг эшигини тақиллатамиз. Афсуски, айрим хонадонларда ҳеч ким йўқ, бошқасида уйнинг катталари бўлмайди, айримлари кечқурун келишимизни айтишади ва шунга ўхшаш ҳолатлар кўп учрайди. Бу каби ҳолатлар бўлмаслиги учун қонун билан масъул идораларнинг вакиллари ҳам хатлов ишларига кўмаклашиши белгиланган. Аммо ҳозиргача маҳалла раисини телефон қилиб ҳам чақиролмадик, “маҳалла еттилиги”ни кўрмадик ҳам. Агар улар кўмак берса, 2024 йилга белгиланган режа ҳозиргача чўзилиб кетмасди.
Битта хонадонни тўлиқ хатловдан ўтказишга камида 1,5 соат, айрим катта ҳовли-жойлар учун 2 соат вақт кетади. Лекин бу билан иш якунланмайди. Хатлов ўтказилган хонадоннинг чизмаларини тайёрлаб “абрец”ни дастурга юклаймиз, кейин 3-4 соатда кадастр идорасидаги 8 та мутахассис кўриб чиқади ва эътироф дастурига ариза очилади. Шундан сўнг жараёнга бириктирилган 22 та ташкилот икки ой давомида кўриб, ижобий ёки салбий хулоса беради.
Ҳозир марҳум Раббим Муҳаммадиевнинг хонадонида хатлов ўтказдик. 1980 йилда қурилган бу хонадонда 11 киши яшайди, лекин инвентар ҳужжати йўқлиги ва базада солиқ тўловчи сифатида чиқмагани учун биз янги хонадон сифатида қайд этдик. Умумий 680 квадрат метр майдонда жойлашган бу хонадоннинг 400 квадрат метр қисмида 15 та яшаш хонаси, қўшимча қурилмалар мавжуд. Онахоннинг айтишича, колхоз қарори йўқ, лекин ҳар йили солиқ тўлайди. Хатлов натижаларига кўра, юқори кучланишли электр тармоғи ўтмаган, қўшнилари билан низоси бўлмаган, аҳоли пунктида жойлашган шу каби хонадонлар эътироф этилиб, уй-жойларининг қонуний рўйхатга олинишига асос бўлади.
Жараёнга жиддий ёндашиш ва соҳага қўшимча кадрлар жалб этиш лозимлигини инобатга олиб Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 майда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонунини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Яъни, шартнома асосида кадастр идораларига қўшимча ишчи кучи жалб қилиниб, хатлов тезлаштирилади.
Ҳозирда қўшнилар орасида чегара талашиш, йўлга чиқиб бино қуриш, бошқанинг манфаатига зарар етказган ҳолда қурилиш қилиш билан боғлиқ низолар кўп учрайди. Хатлов ишлари тўлиқ якунига етиб, барча объектларнинг чегара ва ҳудудларига аниқлик киритилгач, бу каби низолар барҳам топарди. Бунинг учун жараённинг тезлаштириш ва белгиланган вақтда хатлов ишларини якунлаш талаб этилади.
Ўктам Худойбердиев.