Ҳарбий маъмурий сектор раҳбари округдаги ҳарбий қисмларда бўлди

Самарқанд вилояти ҳокими, ҳарбий маъмурий сектор раҳбари Эркинжон Турдимов ҳарбий хизматчиларни яшаш шароитларини ўрганиш ва муаммоли масалаларга ижобий ечим топиш мақсадида Марказий ҳарбий округнинг Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда бўлди.

Округ қўшинлари қўмондони, полковник Фаррух Зиябаевнинг ҳамроҳлигида ўтган ўрганишлар давомида ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини ошириш, уларнинг хизмат фаолиятини олиб бориши учун шарт-шароитларни янада яхшилаш ва оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ўрганиб чиқилди.

Шунингдек, «Сазағон» дала-ўқув майдонида янгича усул ва услубларда жанговар машғулотларни мунтазам олиб бориш учун қулай шароитни яратиш масалалари ўрганилди.

Бундан ташқари, Самарқанд гарнизонида жойлашган Қуролли Кучлар кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида кичик мутахассисларни ҳар томонлама салоҳиятли ва юксак билимга эга бўлиши учун қулай имкониятлар ва шароитларни яратиш масалалари кўриб чиқилди.