Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳайдовчилар ва пиёдалар йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ вазиятлар тасвирга олинаётгани йўқ

Бугунги кунда Самарқанд шаҳри ва унинг атрофида транспорт ва йўловчилар оқимини ўрганиш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу ишларга Тошкент давлат транспорт университети ҳамда Жиззах политехника институти докторант ва магистрантлари жалб этилган.

Улар ўз тадқиқот ишлари давомида турли техник ускуналар фото-видео камералар ва планшетлардан фойдаланмоқда.

Ушбу жараёнлардан бехабар бўлган айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса вазиятни нотўғри талқин қилиб, ҳақиқатдан йироқ бўлган ёлғон ахборотларни тарқатмоқда.

Шундан келиб чиқиб, тадқиқот ишлари давомида автомобиль ҳайдовчилари ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ вазиятлар тасвирга олинмаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз. Фото-видео камералар ва планшетлар ёрдамида ёзиб олинган маълумотлар фақатгина мастер режа тадқиқотлари доирасида фойдаланилади.

Олиб борилаётган тадқиқот ишларининг мақсади Самарқанд шаҳри транспорт тизимини истиқболли ривожлантириш мастер режасини ишлаб чиқишдан иборатдир.

Самарқанд шаҳри транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, жамоат транспорти фаолиятини тубдан такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган жараёнларнинг ҳар бир босқичини бевосита http://samarkand-transport.uz сайти орқали кузатиб бориш мумкин.

Қолаверса, Самарқанд шаҳрининг мукаммал мастер режасини яратишда бевосита аҳоли вакилларини ҳамкорликка чорлаб қоламиз. Шаҳар транспорт тизимини яхшилаш борасида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларингиз ва таклифларингизни http://samarkand-transport.uz сайти орқали мутахассисларга йўлланг.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ахборот хизмати.