Ҳайвонлар “интеллекти”: Баъзан уларнинг идрокига ҳатто одамлар ҳавас қилишади

Одамлар дунёда интеллектуал қобилият бўйича уларга тенг келадиган бошқа жонзот йўқ деб ҳисоблайди. Шубҳасиз, бироқ, ҳайвонларнинг ақли инсонникидан анча заиф бўлса-да сўнгги тадқиқотлар улар баъзи мантиқий вазифаларни одамдан кўра яхшироқ уддалай олишини кўрсатди.

Ҳайвонлар интеллектининг моҳиятини тушуниб олиш учун этологлар улардаги фикрлаш, ўрганиш ва мулоқот қилиш каби ақлий функциялар белгиларини ўрганиб, турлараро таққослай бошладилар. Мисол учун, шимпанзе ва қарға каби турли хил жонзот бир хил масалани қандай ҳал қилишини ўрганган олимлар ҳайвонлар идроки қандай ривожланганини  тушуниб олишга ҳаракат қилишмоқда.

Бугун эътиборингизга баъзи «соф инсоний» вазифаларни аъло даражада бажаришга тайёр ҳайвонларни ҳавола этамиз.

Қарға

Бу қушнинг мияси шунчалик кичикки, одамлар узоқ вақт давомида «кичик мия» эгалари ҳеч қандай ақлий ҳаракатларга қодир эмас, деб ўйлашган, бироқ британиялик этолог Никки Клейтоннинг тадқиқотлари бу қуш  тўғрисидаги тушунчани бутунлай ўзгартирди.

Клейтон ва унинг ҳамкасблари қарғалар, сойка(жай)лар ва болалар иштирокида сабаб-натижа муносабатларини ўрнатиш қобилиятини аниқлашга қаратилган тажриба ўтказишди.

Тадқиқотчилар ярмигача сув билан тўлдирилган тор пробиркаларга  ҳар хил ўйинчоқлар ва ширинликлар қўйишди. Ёнида эса унчалик катта бўлмаган тарози тошлари қўйилди. Қушлар оғир тошлар сувга туширилса, «ўлжа» ҳам сув сатҳи билан бирга юзага кўтарилишини тезда англаб олишди. Болалар учун эса (экспериментда 8 ёшгача бўлган болалар иштирок этди) буни тушуниб олиш қийинроқ кечди ва улар саросимага тушиб қолишди.

- Қарғалар 8 ёшли болалардан ақллироқ эмас албатта, - дейди Клейтон. – Қушлар мактабга бормайди, уларнинг қўли йўқ ва улар биздек гапира олмайди. Бу бошқа нарса – уларнинг мияси қандайдир бошқача тарзда ҳисоб-китобларни амалга оширади. Инсон мияси ва қушларнинг мияси турли хил формадаги лекин бир хил функцияга эга компьютерларга ўхшайди. Агар биз миядаги турли хил «дастурлашлар» бир хил натижаларга олиб келиши мумкинлигини аниқлаб олсак, шунда идрок моҳиятини яхшироқ тушуниб оламиз, дейди тадқиқотчи.

ШИМПАНЗЕ

Олимлар шимпанзе маймунларига тил ўргатиш бўйича кўплаб тажрибалар ўтказишди. Ушбу экспериментларнинг аксарияти мувафафақиятли ўтди. Лекин кейинги тадқиқотлар бу приматлар идрокининг кучли томони биринчи навбатда муфассал фикрлаш эканлигини кўрсатди.

Бошқа бир тадқиқот шимпанзе болалари рақамларни япониялик талабаларга қараганда тезроқ ёдлашини кўрсатди. Синовда университет талабалари ва бирдан тўққизгача санаш ва рақамларни танишга ўргатилган приматлар иштирок этди.

Ҳар бир синалувчи олдида катакчаларда бир нечта рақамлар ёқилган сенсорли экран қўйилди. Кейин рақамлар оқ квадратлар билан алмаштирилди. Синалувчи бирма-бир барча оқ квадратлардаги рақамларни ўсиш таркибида босиб чиқиши, яъни аслида у ёки бу рақам қайси катакда турганини эслаб қолган бўлиши керак эди. Ёш шимпанзелар тестни оналари ва талабаларга қараганда сезиларли даражада тезроқ тугатди.

Ушбу тажрибада синалувчи рақамларни кузатиши учун лозим бўлган турли вақт оралиғи ўрнатилди. Рақамлар ҳатто 210 миллисекундда пайдо бўлганида ҳам, яъни инсон кўзлари экранда «кўз югуртириши» деярли имконсиз бўлган қисқа вақт ичида, ёш шимпанзелар рақамларни пайқаб олишга улгурди. Бу тестни ҳам улар талабаларга қараганда тезроқ ва аниқроқ бажаришга муваффақ бўлишди.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.