"Ҳудудгаз Самарқанд" газ таъминоти филиали: вилоятда тўрт мингга яқин истеъмолчи эски ҳисоблагичлардан фойдаланмоқда
Вилоят Матбуот уйида "Ҳудудгаз Самарқанд" газ таъминоти филиали директорининг биринчи ўринбосари, бош муҳандис Ваҳоб Ҳалимов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда вилоят аҳолисини бир маромда табиий газ билан таъминлаш бўйича мавжуд газ қувурларини мукаммал реконструкция қилиш борасида режалар, амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Бугунги кунда вилоятимизда 321 743 та табиий газ истеъмолчиларининг қарийб 318 мингтасида автоматлаштирилган “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилган. Бироқ 3 900 истеъмолчида ҳануз эски ҳисоблагичлар.
Жорий йилда 19,5 километр газ тармоқлари ва 44 дона газ тақсимлаш пунктларининг мукаммал таъмирланиб 14 587 та аҳоли хонадонлари газ таъминоти яхшиланди. Жумладан, Самарқанд шаҳрида 4 та маҳаллада 2,1 километр, Каттақўрғон туманида 2 та маҳаллада 1,6 километр ва Нарпай туманида 2 та маҳаллада 1 километр газ қувурлари тортилди. Самарқанд газ тўлдириш станциясига 25 та газ қуйиш калонкалари ўрнатилиб, ойлик тарқатиш қуввати 1 500 тоннадан 2 000 тоннага етказилди. Жомбой ва Тойлоқ туманларида 2 та суюлтирилган газ баллонларини тўлдириш шохобчалари билан шартномалар тузилгач, қарийб 56 минг нафар истеъмолчиларга суюлтирилган газ маҳсулоти ташиб келиш масофаси 70 километрдан 18 километрга туширилди.
Мавсум арафасида аҳоли учун 45 588 тонна суюлтирилган газ маҳсулоти ажратилди. Жорий йилнинг шу давригача қўшимча 8 минг дона маиший газ баллонлари тарқатилди.
- Бироқ, ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп, - дейди Ваҳоб Ҳалимов. - Жумладан, Самарқанд тумани Гулобод қўрғонидаги 54 та кўп қаватли уйлар учун 3 километр масофага газ тармоғи тортишни режа қилганмиз. Шунингдек, деярли барча туманларда ўз вақтида тугаллаб улгурмаган объектларимизни йил охиригача якунига етказамиз.
Ҳозирда корхона мутахассислари томонидан табиий газ истеъмолчилари содир этган 725 та ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Аҳолининг газдан жами қарзи 301,8 миллиард сўмни ташкил этяпти. Ҳозиргача бу қарздорликнинг 6,4 миллиард сўми ундириб олинган, холос.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.