Ҳудудий ички йўллар жамоатчилик фикри асосида таъмирланади
“Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5250-сон, 22.09.2021 йил) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021 йил 1 октябргача:
➖ Фуқаролар ташаббуси жамғармасида 1 миллиард сўмдан кам маблағ шаклланган туман ва шаҳарлар учун қўшимча 57,9 миллиард сўм;
➖ “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали келиб тушган таклифлар сони 100 тадан ортиқ бўлган туман ва шаҳарларга қўшимча 59,5 миллиард сўм маблағ ажратилади.
2022 йил 1 январдан туман ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилади.
Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан ҳар чоракда чоракдан кейинги ойнинг 25-санасига қадар жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш бўйича маълумотлар расмий веб-сайт ва “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштириб борилади.
Шунингдек, фуқароларнинг ташаббусли бюджетлаштириш жараёнига жалб этилиши даражаси бўйича ҳудудлар рейтинги жорий этилади.
Ҳар бир маҳалла ва овулда “Очиқ бюджет” ахборот порталида таклиф қолдириш ва овоз бериш жараёнига кўмаклашувчи “мобил” гуруҳлар ҳамда “ташаббускорлар бурчаги” ташкил этилади.