“Ҳуррият”нинг журъатли муҳаррири
Абдурасул Жумақулов бугун мамлакатимизнинг салоҳиятли журналистларидан бири.
Йўқ, фақат мамлакат миқёсидаги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг нашри ҳисобланган газета бош муҳаррири бўлганлиги учунгина эмас. У нимани ва қандай ёзишни билгани, таҳририятнинг эса жамоатчилик билан муносабатини тўғри йўлга қўя олганлиги учун ҳам ҳавасимизда. Ҳар қандай шароитда бардошга, сабрга ва шижоатга суянади. «Фермер» номли нодавлат ҳафталикни ташкил этгани, сақлаб қолгани, бунинг ёрқин мисолидир.
«Ҳуррият»да ҳам А.Жумақулов аллақачон жуда катта тажриба яратди. Хусусан, бунинг муаллифлар билан мунтазам мулоқот қилиб туриши, долзарб муаммоларни дадил кўтариб чиқиши, ҳамкасблар ўртасида доимо ижобий баҳоланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси тадбирларини ёритишда доимо фаол.
«Ҳуррият»нинг Самарқанд вилояти журналистлари, таҳририятлари билан ҳамкорлик қилишида ҳам бош муҳаррирнинг роли беқиёс. Жуда кўп тадбирларимизда иштирок этган ва вилоятимиз муаллифларини доимо қўллаб-қувватлаб туради.
А.Жумақулов бадиий ижодда ҳам фаол, ўнга яқин китоблар муаллифи. Жаҳон адабиётидан бир қанча асарларни ўзбек тилига ўгирган. Ана шу самарали хизматлари учун давлатимиз томонидан «Шуҳрат» медали ва «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.
Биз, самарқандлик журналистлар ҳамкасбимизни янги китоб ва қутлуғ ёши билан чин кўнгилдан табриклаймиз. Газетамиз жадидлар томонидан бир муддат «Ҳуррият» номи билан чиққанлиги учун Тошкентдаги «Ҳуррият»га, унинг бош муҳарририга, жамоасига ҳурматимиз бўлакча.