Ибратли воқеа: Бир соатда улғайган бола
Ўн уч ёшларда эдим. Ўрта мактабга борардим. Отамнинг вафотига икки йил бўлганди. Қашшоқлашиб қолгандик. Онам тикувчилик қиларди, аранг кунимизни кўрардик. Катта уйнинг икки хонасида яшардик.
Китобларим етарли эмас эди. Мактаб портфелим ҳам йўқ эди ҳатто.
Байрам яқин. Онам амал-тақал қилиб менга бир пойабзал олди. Шим ва кўйлак тикди. Эрталаб барвақт уйғониб, кийиндим. Бир кун олдиндан келишгандик, мен икки ўртоғим билан бирга сайилгоҳига бормоқчи эдик. Отли арғимчоқларга, ижара велосипедларга миниб сайр қиламиз, дегандик. Пахта қандчидан ширинлик олиб емоқчи эдик. Кинога ҳам тушадиган эдик. Онамдан пул сўрадим.
- Пулимиз йўқ, болажоним, - деди онам маъюсланиб.
Мен хархаша қила бошладим. Ўртоқларим ҳам ҳали замон чақириб келишади. Уларга нима дейман? Пулимиз йўқлиги учун сайилга боролмаслигимни қандай айтаман? Аламдан устимдаги кийимларни ечиб деворга қаратиб ота бошладим.
Онам ғамгин нигоҳларини менга тикиб, узоқ термулиб ўтирди. Жавондан сумкасини олиб, пул қидирди. Излаб излаб бир лира топди. Бояқиш онамнинг фақатгина бир лираси қолганди, бор-йўқ пули шу эди. Бисотидаги бир лирани менга узатди.
- Қани, кийина қолгин, болам, бир лира етадими? У кезларда бир лира катта пул эди. Тўрт тарафга ирғитган кийимларим ва пойабзалимни олдим. Яна кийиндим. Пулни чўнтагимга солиб, ўртоқларимни кута бошладим. Ниҳоят улар келишди. Бироз ўтиришди. Онам уларга қанд бердилар, икковини ҳам бошини силади.
- Энди бора қолинглар, маза қилиб ўйнаб келинглар, - деб бизни кузатиб қўйди.
Кўчага чиқдик. Жуда хурсанд эдим, қувончдан юрагим ҳаприқиб кетаётганди. Бурилишдан катта кўчага қайрилаётганда, уйимиз томонга кўзим тушди. Онам балкондан оёқ учида туриб, менга жилмайиб қўл силтаётганди. Бирданига ичимдан бўғиқ ўкирик келиб, томоғим ачишди. Кўзларимга ёш тўлди. Бўғилиб қолдим. Йиғлаганимни билдирмасликка уриниб, ўртоқларимга "Мен бормайман", дедим. Сабабини тушунишмади.
Бир ўртоғим:
- Ҳа, билдим, пулинг йўқлиги учун бормайсан! - деди масхараомуз. Чўнтагимдан бир лирани чиқариб кўрсатдим:
- Мана, пулим бор!
Улар ўша ерда мени қолдириб кетишди.
Кўчаларда сарсари кездим. Ҳеч кимга билдирмасдан, тўйиб-тўйиб йиғладим. Кўзёшларимни сидирдим, қўлимдан келгунича қувноқ кўринишга уриниб, уйга қайтдим. Онам:
- Нега қайтдинг? - дея сўради.
"Боргим келмади" дедим ва чўнтагимдан бир лирани чиқариб, онамга узатдим. Онагинам ҳайрон бўлди. Пулни қўлимдан олиб, стол устига қўйди. Сўнг мени қучиб, кўксига босди. Ҳўнграб-ҳўнграб йиғлай бошлади. Мен энди йиғламасдим. Ташқарида тўйиб-тўйиб йиғлаб олгандим. Онамнинг юзларидан ўпдим. Кўзёш тўкмаслигини айтдим. Индамади. Узоқ ўйга толди.
Мен энди ғамгин эмасдим. Сайилгоҳга бориш мендай кап-катта болага, ўрта мактаб ўқувчисига ярашмасди. Мен бирданига улғайиб қолгандим...
Жавдат Андай.