Ибратли воқеа: Дўстим, онанг қарияпти
Болаликдан бирга катта бўлган яқин ўртоғим телефон қилиб, фарзандининг туғилган кунига айтди. Ишдан чиқиб, совға олдим-да, дўстимнинг уйига бордим.
Ўртоғим дўконга чиққан экан, онаси мени кутиб олиб, уйга таклиф қилди. Салом-аликдан сўнг хурсандчиликдан кўзлари ёниб турган тантана сабабчисини табриклаб, совғани бердим. Дўстим келгач, бироздан кейин ош сузилди.
— Ая, ошни бошлаб беринг, – деди ўртоғим онасига.
— Қани, олинглар, – дея онахон бир қошиқ ошни оғзига солди.
Бешинчи қошиқ ошни еяпман, лекин ўртоғимнинг онаси бир қошиқ ошни зўрға чайнаб, ютди. Иккинчи қошиқ ош ҳам худди шундай ўтди. Разм солсам, онахон кексайган – тишлари тўкилиб, борлари ҳам гапирганда қимирлайдиган бўлиб қолибди. Онахон хижолат бўлиб, овқатни чайнашга қийналди ва ошга бошқа қўл узатмади. Ўртоғим эса бир телефонига қараб, бир фарзандини эркалаб буни пайқамади ҳам.
— Олинг, нега емаяпсиз? – дедим онахонга.
— Ўғлим, мен сал олдинроқ овқатлангандим. Ўртоғинг билан бемалол олаверинглар, – деб қўя қолди.
Овқатланиб бўлгач, ўртоғим билан суҳбатлашиб ўтирдик.
— Жўра, ишларинг яхшими ўзи?
— Ҳа, шукур, яхши.
— Қачон охирги марта онанг билан дилдан суҳбатлашдинг ёки бирга овқатландинг?
— Нега бундай деяпсан, аям нимадир дедиларми?
— Йўқ, ўзим сўраяпман.
— Рости, анча пайтдан буён ишларим кўпайиб кетди. Тонг саҳар кетиб, ярим тунда қайтаман. Шунда ҳам кўзлари тўрт бўлиб келишимни кутиб ўтирадилар.
— Ҳа, дўстим, она шундай зот – сени бир зум ҳам эсидан чиқармайди. Лекин сен онангни беътибор қолдирибсан. Овқатланганда кузатдим, онанг қарибди - сочлари оқариб, тишлари тўкилибди. Икки қошиқ ошни бир амаллаб еди, наҳотки шунга эътибор бермаган бўлсанг.
Ўртоғим ҳеч нарса демади ва уялганича бошини қуйи солди...
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.