Ибратли воқеа: Тешилган қозон

2006 йиллар эди. Янги оила қурган пайтларимиз. Тошкентда ижарада яшар эдик. Ишларим ҳам бирида бор, бирида йўқ эди. Қийналиб яшар эдик. Камбағални туяни устида ит қопар дегандай, бисотимиздаги биттаю битта кичкина қозонча ҳам мошдай бўлиб, тешилиб қолибди.

Тешик қозонни ташлаб юбориб, янги қозон сотиб олишга, чўнтак касал. Қозонсиз ўтиришга, томоқ қурғур ҳам тешик - ейман дейди. Охири, ўйлаб-ўйлаб, сварчик топиб, қозонни яматишга қарор қилдим. Машиналарни таъмир қиладиган жойга бордим. Уста қозонни кўриб: "Ука, биз бу қозонни сварка қилиб, ямай олмаймиз", деди. Кайфиятим тушиб кетди. Энди нима қиламан?
Уста менга: "Бу қозонни ямаш керак бўлса, кемпинг ёки аргон сварка қиладиганлар ямайди", деди. Кўчама-кўча юриб, кемпинг қидиришга тушдим. Фақирлик фитнасидан ўзинг сақла ё Аллоҳим деб, ичимда дуо қилиб, хорлигим келиб, эзилиб кетардим.

Ва ниҳоят, кемпинг деган сваркани ҳам топдим. Икки минг сўм бериб яматдим. Жуда хурсанд бўлдим. Уста акани ҳам дуо қилиб кетдим.
Уйга келиб, оғзим қулоғимда, ямалган қозонни турмуш ўртоғимга кўрсатдим. Иккимиз ҳам фақирларча хурсанд эдик.

Ўша кечаси туш кўрдим. Муйсафид бир киши яқинимга келиб, атрофимдаги одамларга эшиттирмай, ўзим эшитадиган қилиб паст овозда: "Ўғлим, фақирлик кўрмай десанг, "Воқеа" сурасини ўқиб юргин", деди-да мендан узоқлашиб кетди.
Уйқудан уйғониб, тушимни хотинимга айтдим. Қуръонда бу номдаги сура бор ёки йўқлигини ҳам билмасдим. Қуръони каримни олиб излашга тушдим. "Воқеа" сураси бор экан. Топдиму ўқишга тушдим.

Ҳар куни бир марта бўлса ҳам ўқиб қўярдим. Аллоҳнинг инояти билан ишларим изига тушиб кетди.
Янги қозон ҳам сотиб олдик. Тешик қозонни ташлаб юбормадим. "Воқеа" сураси билан боғлиқ бу синоатни ҳам унутибман.
Яқинда бир дўстим келиб "Компьютерингизда бўлса, менга "Воқеа" сурасини кўчириб беринг", деди ва бу сура, уни ўқиб юрган кишига Аллоҳнинг неъматлари кесилмаслиги ҳақида айтиб қолди...
Унутилган хотиралар эсимга тушди. "Воқеа" сураси фазилатлари ҳақида топиб ўқидим.
Аллоҳнинг каломи Қуръон каримда биз билмаган сир-синоат қанча?
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Аллоҳнинг раҳматидан умид узмаслигимиз керак экан.

Манба