Ички ишлар фахрийси ҳаёти ҳақида хотираларни ўзида жамлаган китоб

Самарқанд вилояти ахборот кутубхона марказида бир умр мамлакатимиз ички ишлар идоралари тизимида фаолият кўрсатган полковник, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ўткур Жўраев хотирасига бағишлаб чоп этилган “Юрт ишқида ёнган юрак” китоби тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов ва бошқалар Ўткур Жўраевнинг серқирра фаолияти, ижоди ҳақида ўз фикрларини билдирди.
– Ўткур ака Ургут фарзанди, – дейди "Нуроний" жамғармаси Ургут тумани бўлими раиси Фармон Азизов. – Туманимиздаги Почвон қишлоғида туғилиб ўсган. Мактабни битирганидан сўнг Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олган. Талабалик вақтидаёқ ички ишлар идораларида фаолиятини бошлаган. Кейин Ички ишлар вазирлиги, Президент девони ва бошқа нуфузли идораларда меҳнат қилди. Қаерда, қандай лавозимда ишламасин, Ватанимиз ва халқимизга садоқати, камтарин ва одамохунлиги билан обрў-эътибор қозонди, зиммасидаги вазифаларни астойдил адо этди, кўплаб ёшларга устозлик қилди. Шунинг учун ҳам ёр-дўстлари, шогирдлари ва яқинлари доим у кишини яхши хотиралар билан эслайди. Мазкур китоб ҳам ана шу ширин хотираларни ўзида жамлагани билан эътиборли.
– Ўткур Жўраев ички ишлар тизимининг кўзга кўринган ходими бўлиш билан бирга адабиёт, санъатга яқин ижодкор эди, – дейди филология фанлари номзоди Акбархон Асроров. – У кишининг шеърларида Ватан, она ва ёру дўстлар мадҳи асосий ўринда туради. Ҳар бир шеърни ўқиб ўзингизга нимадир хулоса қиласиз, сабоқ оласиз. Айниқса, панд-насиҳат тарзида битилган ижод намуналари ҳаётнинг паст-баландини кўрган, аччиқ-чучугини татиган инсоннинг ўгитидек қабул қиласиз.
Тадбирда ички ишлар идоралари фахрийлари, Ўткур Жўраевнинг сафдошлари ва дўстлари у билан боғлиқ хотираларни ёдга олди. Шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди.