Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ички ишлар вазирлигининг Самарқанд академик лицейига тест синовлари бўлиб ўтди

16 сентябрь куни Самарқанд шаҳар “Локомотив” стадионида Ички ишлар вазирлигининг Самарқанд академик лицейига 2020-2021 ўқув йили учун тест синовлари бўлиб ўтди.

Имтиҳонда 770 нафар 9-синф битирувчилари қатнашди, 9 нафари келмади. Абитуриентларга Давлат тест маркази томонидан тарих, она тили ва адабиёт, чет тили фанларидан тузилган тест саволларини ечиш топширилди. Тест саволларини бажаришга 1 соат 50 минут вақт берилди.

Ушбу академик лицейга жорий йилнинг февраль ойидан май ойига қадар аризалар қабул қилинди ва 1155 нафар талабгордан ҳужжатлар олинди. Талабгорлардан босқичма-босқич имтиҳон олинади. Шу боис дастлаб абитуриентлар психологик тест топширди, сўнгра тиббий кўрикдан ўтказилди. Кейин улар диктант ва жисмоний тарбия машғулотларидан машқлар топширди. Натижада, 1155 нафар абитуриентдан 779 нафари саралаб олинди.

Тест синовлари натижалари эълон қилингач, академик лицейга 220 нафар абитуриент ўқишга қабул қилинади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.