ИИБ ахборот хизмати: Карантин қоидасини бузган ҳар бир шахс телевидение ва ижтимоий тармоқларда жамоатчиликка кўрсатилади

Эртага, 13 май куни соат 06:00 дан бошлаб Самарқанд шаҳри ҳудудида карантин қоидалари кучайтирилади.

Шаҳар ҳудудига киришда ўрнатилган барча тўсиқ постлар янада кучайтирилган тартибда хизмат олиб боради.

Рейд тадбирларини кучайтирамиз токи, вилоятимиз коронавирусдан холи “яшил” ҳудудга киргунча кўчада бемақсад, рухсатномасиз юрган барча транспорт воситалари жарима майдончасига қўйилади. Шунингдек, бесабаб кўчада юрган фуқаролар ИИБ биносига олиб келиниб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.

Кундузги ва тунги рейдлар шаҳарнинг ҳар бир ҳудудида олиб борилади.

Матбуот котиби сифатида айтаман, ҳар бир карантин қоидасини бузган шахсларни телевидение ва ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчиликка кўрсатиб, ёритиб борамиз.

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Жаҳонгир Сагдуллаевнинг таъкидлашича, бундан мақсад - халқимиз тинчлиги ва саломатлигини таъминлаш.