Ижарада турган уйдан зудлик билан чиқиб кетишни талаб қилишяптими? Шошилманг!

Кўпгина шаҳарлардаги айрим виждонсиз ижарачилар ижара нархини бирдан ошириб, бу нархга кўнмаган талабалар ёки бошқа фуқароларни уйдан чиқиб кетишни талаб қилмоқда. Бу албатта инсофсизлик. Хўш, ижарачи келиб “Давай, уйни бўшатинглар"” деса, “Хўп” деб чиқиб кетавериш керакми?

Энг аввало, тушуниб олинг: ижарачи ижарадаги фуқарони бирданига, томдан тараша тушгандек уйдан ҳайдаб чиқара олмайди. Чунки ўртада қонун ва ижара шартномаси деган тушунча бор. Ижара шартномаси бекор бўлмасдан туриб, ижарада турган фуқаро уй-жойни тарк этмасликка ва яшашда давом этишга тўлақонли ҳақлидир.

Фуқаролик кодексининг 615-моддасига асосан уй-жойни ижарага бериш шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади. Яъни, агар сиз уйда ижара шартномаси тузган ҳолда яшаётган бўлсангиз, уй эгаси сизни бу уйдан чиқариш учун сизга аввал ижара шартномасини бекор қилишни таклиф қилиши керак. Агар сиз шартномани бекор қилишга рози бўлмасангиз, ижарачида сизга уйдан чиқишни талаб қўйиш ҳуқуқи бўлмайди. Яъни, келишувни рад этиш сизни фойдангизга ишлайди ва бундай ҳолларда шартномадаги тўловни амалга ошириб, яшашда давом этишга ҳақлисиз.

Тўғри, ўзаро келишув бўлмаса уй эгасида бошқа вариант ҳам бор. Яъни, юқоридаги Кодекснинг 615-моддасига биноан агар ижарада турган шахс 6 ой давомида, қисқа муддатли ижара бўйича икки мартадан кўпроқ марта муддатида тўлов қилмаса, ёки уй-жой вайрон қилиниб, унга путур етказилса, ё шу уйдан ғайриқонуний қилишлар содир этиш мақсадида фойдаланган бўлса, уй эгаси шартномани бекор қилиш тўғрисида судга даъво киритиши мумкин.

Эътибор беринг, шунда ҳам уй эгаси ижара шартномасини бир томонлама бекор қилолмайди, бунинг учун у фуқаролик судига даъво киритиши ва шартномани бекор қилиш ҳақида суд қарорини чиқартириши керак бўлади. Суд ижарада турган фуқаронинг дардини ҳам тинглайди, агар уй эгаси ноҳақ бўлса, унинг даъвосини рад қилади ва ижара давом этаверади. Агар уй эгаси ҳақ бўлса, суд шартномани унинг фойдасига бекор қилиб беради. Шундагина уй эгасида фуқарони уйдан чиқаришга дастлабки асос пайдо бўлиши мумкин.

Бироқ, суд қарори билан ижара шартномаси бекор қилинганидан кейин, фуқарони уйдан чиқариш учун ҳам яна суднинг қарори керак бўлади. Бу масалада фуқаролик судининг фуқарони уйдан чиқариш ҳақидаги алоҳида ҳал қилув қарори ва ундан кейин МИБ давлат ижрочисининг ижро ишини қўзғатиш қарори ҳам бўлиши зарур.

Кўриб турганингиздек, ноинсоф ижарачилар ижарада турган талабалар ёки оиласини зўр-базўр тебратаётган фуқароларни шунчаки ҳайдаб сололмайди. Бунинг учун анчагина расмиятчилик ва ойлаб давом этадиган судлар, МИБдаги ижро жараёнлари бўлиши керак. Бу давр мобайнида эса ижарада турувчи фуқаролар албатта бу уйда яшаб турадилар.

Тўғри, ижара шартномаси тузмасдан яшаётган фуқаролар ҳам бор. Агар шартномасиз ойма-ой ижара олиб келаётган уй эгалари фуқародан уйни бўшатиб қўйишни талаб қилса, фуқаро ҳам шунга яраша жавоб қайтариши керак. Ундайларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-1-моддасига асосан ижара шартномасисиз ижарага қўйганлиги учун БҲМнинг 10 баробаригача жарима борлигини, ундан кейин Фуқаролик кодексининг 985-моддасига асосан етказилган зарарни ҳам тўлаши кераклигини эслатиб қўйиш керак.

Хуллас, ижарада турган талабалар ва фуқаролар, келишилган ижара тўловларини ўз вақтида тўлаб келяпсизми, ҳуқуқларингизни ҳам тўлиқроқ билиб олинг. Ҳеч ким сизни ижара уйидан асоссиз ҳайдаб чиқаришга ҳақли эмас.

Манба