Ижро интизоми янада мустаҳкамланади
•Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги "Ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойишига мувофиқ вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг "Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимига (кейинги ўринларда - "Ijro.gov.uz" тизими) уланиши таъминланган.
•Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси томонидан "Ijro.gov.uz" тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 800 дан ортиқ қарорлари ва топшириқларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан тест режимида тизимли назорат олиб борилмоқда.
•Таъкидланишича, яратилган шароитларга қарамасдан, айрим вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро интизоми назоратини сифатли ва самарали ташкил қилиш, шунингдек, ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳанузгача талаб даражасида йўлга қўйилмаяпти.
•Мазкур қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларининг тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилиши юзасидан назорат олиб борувчи, шунингдек, "Ijro.gov.uz" тизими бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи ҳисобланади.
•Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги "Ijro.gov.uz" тизимини доимий асосда техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштиришни таъминловчи ишчи органи этиб белгиланган.
•Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тузилмалари махфийлик белгиси остидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари маълумотлар базасини юритиш ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш учун масъулдир.
•Бундан ташқари, қарор асосида "Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимининг ишлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланди.
•Унга кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб республика ва ҳудудлар даражасидаги мажлис ва йиғилишларни ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўтказиладиган йиғилишлар бундан мустасно, фақатгина "Ijro.gov.uz" тизимидаги мажлислар ва йиғилишлар махсус марказлашган маълумотлар базасига ўтказилаётган тадбирнинг мақсади, натижалари, иштирокчилар таркиби ва давомийлиги кўрсатилган қайдлар киритилганидан сўнг амалга оширилади.
•Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва топшириқларида белгиланган ижро муддатлари фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президенти рухсати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан келишилгандан сўнг узайтирилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Бош прокуратура билан биргаликда мажлислар ва йиғилишларнинг "Ijro.gov.uz" тизимидаги марказлашган маълумотлар базасида қайд этилмаган ҳолда ўтказилишига йўл қўймаслик юзасидан тизимли назоратни амалга оширади.
•Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Бош прокуратура билан биргаликда мажлислар ва йиғилишларнинг "Ijro.gov.uz" тизимидаги марказлашган маълумотлар базасида қайд этилмаган ҳолда ўтказилишига йўл қўймаслик юзасидан тизимли назоратни амалга оширади.