Ижтимоий дорихоналарнинг асосий вазифаси нималардан иборат?

Ижтимоий дорихоналарнинг асосий вазифаси аҳолини рўйхатга киритилган дорихона ассортиментидаги дори воситалари ва тиббий буюмлар, имтиёзга эга айрим тоифадаги шахсларни дори воситалари билан таъминлашдан иборат.

Ижтимоий дорихона бир қатор функцияларни амалга оширади. Хусусан, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи реализацияси учун ва дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган таъминотчилардан сотиб олади (олиб киришдан ташқари).

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рецепт асосида бериладиган дори воситаларини ёки тасдиқланган, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатига мувофиқ дори воситаларини рецептсиз равишда чакана реализация қилиш, шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзга эга айрим тоифадаги шахсларни дори воситалари билан таъминлайди.

Белгиланган тартибда дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлайди ва йўқ қилади. Истеъмолчидан келиб тушган шикоятлар асосида аниқланган, дори воситаларининг ножўя таъсири ва самарадорлиги паст ҳолатлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигини хабардор қилади.

Амбулатория шароитида даволашда имтиёзли бериладиган дори воситалари рўйхатига киритилган, ижтимоий дорихонада амалда мавжуд бўлган ва вақтинча мавжуд бўлмаган дори воситалари ҳақида шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларига ҳар чоракда маълумот тақдим этади.

Аҳолига дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлаш ва қўллаш бўйича маслаҳат беради.

Аҳолига дори воситалари ва тиббий буюмларнинг мавжудлиги тўғрисида ахборот бериш имконини таъминловчи, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ижтимоий дорихоналар тармоғи бўйича ҳаракатланишининг электрон шаклдаги ҳисоб-китобини юритади.

Тегишли лицензияси мавжуд бўлганда, шифокор рецепти асосида дори воситаларини тайёрлайди ва ички сифат назоратини ўтказиш билан шуғулланади.

"Дори-Дармон" АК матбуот хизмати.