Ўзбекистон ҳудудларида дори воситаларига қанча пул сарфланади?

Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда ҳам, энг катта харажатлар борасида ҳам Самарқанд “етакчи"лар сафида.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, республика бўйича 8 минг 575 та дорихона рўйхатга олинган ва уларда 15 минг 941 та онлайн-назорат-касса техникалари мавжуд. Уларда харидорларга бериладиган фискал чеклар аҳоли медикаментларга қанча сарфлаётганлиги ҳақидаги маълумотларни умумлаштириш имконини беради.
Хусусан, 2024 йил юртимиздаги жисмоний шахслар дори воситаларига 19,7 триллион сўмдан ортиқ (шундан 15,7 триллион сўмдан кўпроғи импорт препаратлар ҳамда салкам 4 триллион сўм маҳаллий ишлаб чиқарилган) препаратларга сарфлаган.
Аҳоли жон бошига нисбатан тўғри келадиган энг юқори харажатлар қуйидаги ҳудудларда қайд этилган:
- Тошкент шаҳрида – 1,7 миллион сўм;
- Бухоро вилоятида – 746 минг сўм;
- Самарқанд вилоятида – 660,7 минг сўм.
Энг кам харажатлар, Қашқадарё (308,9 минг сўм), Қорақалпоғистон Республикаси (302,3 минг сўм) ва Сурхондарё (289,5 минг сўм) вилоятида қайд қилинган.
Энг катта харажатлар:
- Тошкент шаҳри - 5 триллион сўм;
- Самарқанд вилоятида - 2,6 триллион сўм;
- Фарғона вилоятида - 1,5 триллион сўм.
Қайд этилишича, пойтахт кўрсаткичлари йирик тиббиёт муассасаларининг айнан ушбу ҳудудда жойлашганлиги ҳисобига шаклланган. (https://t.me/soliqnews/15136)
Бундан ташқари, энг кўп маблағ қуйидаги касалликларни даволаш учун мўлжалланган дори воситаларига сарфланган:
- юрак-қон томир касалликлари;
- инфексион касалликлар;
- оғриқ қолдирувчи воситалар;
- асаб тизими касалликлари;
- ошқозон-ичак касалликлари.