Иштихонда бепул дори воситаси ҳақида жамоатчиликка хабар берилмоқда. Нега?

Узоқ ўтмиш эмас, шу яқин ўртада шифохонага иши тушиб борганлар ҳам биладики, аксарият ҳолларда бемор ёки унинг яқинларига дорилар рўйхати ёзиб берилади. Беихтиёр хаёлингиздан ўтади - даволаниш бепул бўлган давлат шифохоналарида наҳотки бирор бир дори воситаси бўлмаса? Бор ёки йўқлиги сизга қоронғу.

Шу сабабдан бундан сал олдинроқ вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда соҳадаги вазият кескин танқид қилинди. Айрим оилавий поликлиникаларда 120 турдаги дори воситалари бўлса-да, фуқароларга бепул дори-дармон бермаслик ҳолатлари қайд этилгани, айрим шифохоналарда эса беморлар МРТ, компьютер томографияси, лаборатория текширувлари учун хусусий секторга юборилгани, ҳолбуки, бу турдаги хизматлар ва жиҳозлар давлат муассасаларида ҳам бор экани айтилди. Ҳар бир тумандаги вазиятни ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузилгани таъкидланди.

Иштихон туманида тиббий хизмат сифатини ўрганиш учун борганимизда биринчи навбатда юқоридаги янгилик эътиборимизни тортди. Тиббиёт бирлашмаси оилавий шифокорлик пунктлари бўйича кординатори Баҳодир Абдураззоқовнинг маълум қилишича, Иштихонда телеграм ижтимоий тармоғида тиббиёт бўйича жамоатчилик назорати гуруҳи ташкил этилган бўлиб, туманга берилган ҳар қандай дори воситаси ва тиббиёт ускунаси ҳақида шу гуруҳда хабар қолдирилади. Дори воситалари қайси бўлимларга, қанча берилгани, кимлар учунлиги ҳам маълум қилинади. Мазкур гуруҳга барча маҳалла фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари, фаоллар, умуман, ким истаса аъзо бўлиб кузатиб бормоқда.

-  Шу гуруҳни ташкил этганимиздан сўнг қайси ҳудудларга дори воситалари етиб борса, эртаси куни маҳалла фаоллари ўша ҚВПга кириб, дориларни санаб чиқишига ҳам гувоҳ бўлдик, - дейди Б.Абдураззоқов. - Бундан ранжиганимиз йўқ, модомики, ишончсизлик борми, демак бунга тиббиёт ходимлари йўл қўйган, ўз вақтида бор дорилар ҳам берилмаган. Энди эса ҳеч ким бундай қила олмайди. Чунки аҳоли гуруҳда кўриб туради, қайси дори бор ёки йўқ эканини.

Тиббиёт жамоатчилик назорати гуруҳига ўзимиз ҳам аъзо бўлдик. Кўрдикки, доридан бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиняпти. Масалан, ҳудудлардан бирида яшовчи фуқаро, ўз саволини қолдиряпти: “Нима учун ҚВПда шифокор ўз жойида эмас?”. Ва кўп ўтмай бу саволга ҳам туман ТТБ ходимлари томонидан муносабат билдирилмоқда.

Эътиборимизни тортган иккинчи масала — туман тиббиёт бирлашмаси дори омборхонасида бўлди. Гап шундаки, давлат томонидан берилган ҳар қандай дори воситасига шундай муҳр қўйилади: “Сотиш тақиқланади!”.

Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Азиз Худойбердиевга кўра, бирлашма учун бериладиган дори воситалари қабул қилинган заҳоти шундай муҳр қўйилишидан мақсад - бу дориларнинг қинғир йўл билан сотувга чиқиб кетишининг олдини олиш. Бундай муҳрга эга дори воситаси чиқиб кетган тақдирда ҳам уни дорихоналар қабул қила олмайди ва шу йўл билан дорилар масаласида учраши мумкин бўлган қинғирликнинг олди олинади. 

– Албатта, тизимда барча бўлимда ҳар қандай дори воситалари тўлиқ бирлашма томонидан қопланяпти, дея олмайман, - дейди Азиз Худойбердиев. - Тан олиш керак, ҳозир ҳам ўзимизда бўлмаган айрим дорилар ёзиб бериляпти. Аммо бизда мавжуд дориларнинг фақат беморларга текин берилишига кафолат бера оламиз.

Бўлимларда беморлар ва уларнинг яқинлари билан суҳбатлашдик. Дори таъминоти бўйича ҳар кимнинг фикри турлича. Масалан, кимдир 90 фоиз дорилар давлат томонидан берилаётганини айтса, яна кимдир дориларнинг тенг ярмини дорихонадан олиб келаётганини билдирди. Билишимизча, бу бўлим, касаллик ва даволаш тури дори воситалари заруриятидан келиб чиқиб кузатилмоқда.

Эътиборимизни тортган навбатдаги ҳолат — туман тиббиёт бирлашмасида 20 дан зиёд дорихона бор экан. Бу дорихоналар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган, албатта. Талабга қараб шаклланган. Яқингача беморларга варақ-варақ дорилар рўйхати ёзиб берилган.
- Вилоят ва республика раҳбарияти томонидан ўтказилган йиғилишларда дорилар ёзиб бериш масаласи жуда қаттиқ танқид қилингандан сўнг, барча туманда, жумладан, бизда ҳам бу нарса назоратга олинган, - дейди шифоколардан бири. - Биринчи навбатда турли фирмаларнинг дориларидан бутунлай воз кечилди. Иккинчидан, фақатгина вазирликнинг тегишли хатида кўрсатилган тартибда энг муҳим ва шифохонада бўлмаган дорилар рецепт қоғозда муҳр билан ёзиб берилмоқда ва ҳар бир дори учун шифокор жавобгарликни ўз зиммасига олмоқда.

Қизиқ ҳолат, кун давомида шифохонанинг барча бўлимларида шифокор ва беморлар билан атрофлича суҳбат уюштирдик, жараённи тасвирга олдик. Бунга табиийки, ҳеч қандай тўсқинлик бўлган эмас, аксинча, нима маълумот керак бўлса тақдим этилмоқда, камчиликлар тан олиниб, қандай ечим изланаётгани айтилмоқда. Аммо, атрофдаги дорихоналарни тасвирга олар эканмиз, айрим дорихона эгаларининг ташвишга тушгани ва асабийлашгани бизни ҳайрон қолдирди. Афтидан, дори “бизнеси”га чек қўйиш борасида сўнгги ҳафталардаги қатъият ва чора-тадбирлар ҳаммага ҳам ёқаётган эмас.

Ҳа, айтгандай, барча бўлимларда давлат томонидан берилиши лозим бўлган дорилар рўйхати ёзиб қўйилган. Бу яхши, албатта. Шунингдек, бош врач билан тўғридан-тўғри боғланиш учун ташкил этилган телефонларга ҳам кўзимиз тушди, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ишламас экан...

Тиббиёт бирлашмаси ҳудудида хусусий шифохоналарнинг борлиги яна бир фикрни илгари суришга туртки берди. Чунки туман тиббиёт бирлашмаси ҳудудида хусусий шифохона бўлиши бу фақат Иштихонда эмас, бошқа туманларда ҳам кузатиладиган ҳолат. Хўп, бунинг нимаси ёмон, дейишингиз мумкин. Биринчидан, агар туман марказий шифохонасида барча зарур мутахассислар ва тиббиёт ускуналари бўлса айнан шу ҳудудда хусусий шифохонага эҳтиёж бўлмайди. Хўп, эҳтиёж бор ҳам дейлик. Аммо бу яна бир қатор муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Мисол сифатида ўзимиз гувоҳ бўлган бир воқеани келтирамиз. Бир неча йил олдин давлат шифохонасида бўлиб, керакли мутахассисни анча кутишга тўғри келган. Билсак, шифокорнинг шу атрофдаги хусусий шифохона билан ҳам шартномаси бўлиб, доимо “бир оёғи” ўша ерда бўларкан. Бу эса кўпинча беморлар учун ноқулайликлар келтириб чиқаради. Ҳозир ҳам бундай ҳолатлар мавжуд ва фикримизча, бу масала ҳам бир ўрганиб кўрилиши керак.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.