Ижтимоий соҳа объектларига кўмир хариди учун қўшимча маблағ ажратилди

Қарийб бир ҳафтадан буён давом этаётган аномал совуқ аҳоли учун ҳам, корхона ва ташкилотлар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар учун ҳам мураккаб кечмоқда.

Бундай вазиятда, айниқса, аҳоли хонадонлари, таълим ва тиббиёт муассасаларини электр энергияси, табиий газ ва кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш, етарли даражада иссиқлик бўлишига эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоят ҳокимлигида, шунингдек, барча туман ва шаҳарларда, коммунал соҳа ташкилотларида туну кун фаолият кўрсатадиган штаблар, аварияларни тезкор бартараф этиш учун қўшимча бригадалар ташкил этилди. Ушбу тизимлар орқали ва бевосита аҳоли томонидан билдирилаётган мурожаатлар белгиланган вақтда кўриб чиқилиб, тезкор ҳал этиш чоралари кўриляпти.

Албатта, осон бўлаётгани йўқ. Электр энергияси, табиий газ ва сув тармоқларида жуда кўп авариялар кузатилмоқда. Ортиқча юклама, тармоқларнинг музлаб қолиши ва бошқа кутилмаган ҳолатлар аварияларни ўз вақтида бартараф этишга халақит қилмоқда. Шунга қарамай ушбу соҳаларнинг фидойи ходимлари туну кун ўз вазифаларини бажариб, муаммоларни тезкор ҳал этиш чораларини кўряпти.

Синовли кунларда аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож ва эҳтиёжманд қатламини моддий қўллаб-қувватлаш учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан озиқ-овқат ва кўмир маҳсулотлари тарқатилмоқда. Совуқ кунларда кўчаларда меҳнат қилаётган ободонлаштириш ва бошқа соҳалар ходимлари учун, шунингдек, эҳтиёжмандларга бепул иссиқ овқат ташкил этилди.

Табиий газ етиб бормаган ва газ босими паст бўладиган ҳудудлардаги таълим ва тиббиёт муассасалари жорий мавсум учун давлат томонидан кўмир ёқилғиси билан таъминланган бўлса-да, бугунги вазиятдан келиб чиқиб, туман ва шаҳар ҳокимликларининг фармойишлари билан маҳаллий бюджетнинг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан кўмир харид қилиши учун пул ажратилди.

Жумладан, Нуробод туманида 329 миллион сўм,  Пайариқ туманида 128 миллион сўм, Тойлоқда 92 миллион сўм, Булунғур туманида 45 миллион сўм, Самарқанд шаҳрида 30 миллион сўм ушбу мақсадга йўналтирилди.

“Кўмир таъминот” МЧЖ Самарқанд филиали маълумотларига кўра, мавсум бошидан буён аҳолига 105 минг 92 тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилди. Жумладан, кеча ушбу омбор ва шохобчалардан аҳоли 562 тонна кўмир харид қилди. Ҳудудий кўмир омборларида 886 тонна кўмир захираси мавжуд. “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 699 тонна кўмир маҳсулотлари темирйўл орқали етказиб келинмоқда.