Илм-фан маблағни билим ва ғояларга айлантирса, инновациялар билим ва ғояларни маблағга айлантиради

Мамлакатимизни инновацион ва илмий-техник ривожлантириш соҳасида ҳамда интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш орқали мамлакатимиз иқтисодий қудратини оширишга ҳаракат қилинмоқда. Айни соҳани давлат томонидан бошқариш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилгани катта қадамлардан биридир.

Инновация жараёни асосан интеллектуал фаолият натижасига нисбатан ҳуқуқларнинг вужудга келиши ва уларни амалга ошириш билан боғлиқ муносабатлар ҳисобланади. Яъни, инновация фуқаролик-ҳуқуқий қонунчилик билан тартибга солинади. Шунга кўра, кундалик ҳуқуқий муомалага инновация, деган тушунча кириб келди.

“Инновация” атамаси лотинча “novatio” сўзидан олинган бўлиб, “янгиланиш” (ўзгариш), “in” қўшимчаси эса лотинчадан “киритиш”, бир сўз билан айтганда “янгилик киритиш”, деган маънони англатади.

Инновация тушунчасига дастлаб “инновацион комбинациялар”ни таҳлил қилиш, иқтисодий тизимларнинг ривожланишидаги ўзгаришлар натижасида ХХ асрнинг бошида австриялик иқтисодчи ва ҳуқуқшунос Йозеф Шумпетернинг илмий ишларида таърифлар берилган. У 1900 йилларда иқтисодда “инновация” терминини илмий қўллашга киритган дастлабки олимлардан ҳисобланади.

Инновация - бу бозор талабидан келиб чиққан ҳолда жараёнлар ва маҳсулотларнинг сифатли ўсиш самарадорлигини таъминлаш учун жорий этилган янгилик. У инсоннинг интеллектуал фаолияти, унинг фантазияси, илмий-ижодий дунёқараши, яратган кашфиётлари, ихтиролари ва рационализаторлик ғояларининг якуний натижаси ҳисобланади. Янги истеъмолчилик хусусиятлари ёки ишлаб чиқариш тизимларининг самарадорлигини сифатли ошириш орқали бозорга маҳсулот (товарлар ва хизматлар)ни етказиб бериш инновацияга мисол бўлади.

Инновация – фойдаланиш учун киритилган янги ёки сезиларли даражада яхшиланган маҳсулот (товар, хизмат)лар ўзига хос айирбошланишининг ташкилий услуби ҳисобланади.

Инновация жараёни асосан интеллектуал мулк объектларини яратиш, улардан фойдаланиш ва улар билан боғлиқ ҳуқуқларни тижорат  муомаласига киритиш ва уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни ҳам қамраб олади.

Иқтисодиётни илмий ташкил этиш ва замонавий услубларда бошқариш, уни ривожлантириш инновация институтисиз бозорда тўлақонли намоён бўла олмайди. Инновация тараққиёт манбаи сифатида қабул қилинар экан, ҳуқуқнинг вазифаси инновация ҳар томонлама кенгайиши, ривожланиши учун ҳуқуқий майдон ва шарт-шароитлар яратиб беришдан иборат. Ана шу мақсадларда жорий йилнинг 24 июль куни Ўзбекистон Республикасининг “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Қонуни амалга киритилди. Мазкур қонун 6 боб, 39 моддадан иборат бўлиб, унда инновация ва инновацион фаолият билан боғлиқ фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш кўзда тутилган.

Қонунда инновацион фаолиятнинг асосий принциплари билан бирга инновацион фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб берилган. Шунингдек, қонун нормаларида инновацион фаолият соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, инновацион фаолият соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг инновацион фаолият соҳасидаги ваколатлари мустаҳкамланган.

Инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, дунё илм-фанининг замонавий ютуқлари, инновацион ишланмалар ва технологиялар асосида инсон капиталини, мамлакатни жадал ривожлантириш, инновацион фаолият соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш мақсадида инновацион ривожлантириш стратегиялари ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилган.

Инновацион фаолият соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишга ҳамда амалга оширишда бевосита давлат иштирокининг қонунда алоҳида нормада белгиланиши инновацияларга нечоғлик эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Инновацион фаолият билан шуғуланувчи субъектларнинг қонунда санаб кўрсатилгани ва уларнинг қатор ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари мустаҳкамлангани эътиборга лойиқ. Шунингдек, технологиялар трансферининг устувор йўналишлари, усуллари ва механизмларининг алоҳида нормаларда кўрсатилиши янги жараёнларга киришиш имконини беради.

Қонунда алоҳида бобда инновацион инфратузилма билан боғлиқ қоидалар кўрсатилган. Хусусан, инновацион инфратузилманинг субъектлари сифатида инновацион технологик парк, технологиялар трансфери маркази, инновацион кластер, венчур ташкилоти ва инновация марказининг ташкилий-ҳуқуқий асослари белгиланган. Шунга кўра, бу турдаги субъектларнинг иннновацион фаолиятда ўзига хос хусусиятлари намоён бўлади.

Инновацион фаолиятни молиялаштириш манбалари, молиялаштирувчи субъектлар, уларнинг ваколатлари ва маблағларни  йўналтириш соҳаларининг алоҳида нормаларда белгиланиши, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш заруриятини кўрсатади. Шунингдек, қонунда инновацион фаолият соҳасида халқаро ҳамкорлик масалаларига ҳам  алоҳида эътибор қаратилган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инновациялар бир марталик ташкилий-техникавий тадбир эмас, улар бир томондан, инвестициялар ва молиявий ресурслар, иккинчи томондан, илм-фан, илмий тадқиқотлар ва ишланмалар билан боғлиқ. Замонавий илмий тадқиқотларсиз, илм-фан ва ишлаб чиқаришни узвий боғлашга, иқтисоддаги таркибий ўзгаришларга ва инновацион модернизациялашга эришиб бўлмайди.

Инновацияга ҳар қандай турдаги янгилик сифатида эмас, балки мавжуд тизимнинг самарадорлигини жиддий равишда оширадиган омил сифатида қараш лозим. Ўз хусусиятига кўра, инновациялар кашфиётлардан тубдан фарқ қилади. Илм-фан маблағни билим ва ғояларга айлантирса, инновациялар билим ва ғояларни маблағга айлантиради.

ХХ асрда жаҳоннинг индустриал ривожланган мамлакатлари катта қамровли инқирозлар оқибатларини илмий янгиликлар ва инновацияларни кенг қўллаш орқали бартараф қилганлар. Одатдаги тадбиркорлик фаолияти турларидан фарқли равишда инновация тадбиркорликда таваккалчилик даражасининг юқорилиги, фаолият илмий-ижодий характер касб этиши ва махсус билим ва малакага эга ходимлар меҳнатидан фойдаланишни тақозо этиши билан ўзига хос тарзда ажралиб туради.

Амалга киритилган янги қонун қатор бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши учун ҳам ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилади. Келгусида давлат маблағлари ҳисобидан яратилган интеллектуал мулк объектларига эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш, технологияларни трансфер қилиш (ўтказиш), маблағларни инновацияларга киритиш ва солиққа тортиш, инновацион фаолиятни бошқариш, синов вa тaжрибa-кoнструктoрлик тузилмалари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ жараёнларни тартибга солувчи қўшимча ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши лозим бўлади.

Гулнора ХУДАЙБЕРДИЕВА,

Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.