Имконияти чекланган Чарос бир мусобақада икки йўналишда жаҳон чемпиони бўлди

Яқинда Туркиянинг Анталия шаҳрида спортнинг 100 катакли шашка тури бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Самарқанд давлат чет тиллар институти 2-босқич магистранти Чарос Баликова юқори натижаларни қўлга киритди!

Имконияти чекланганлар ўртасида ўтказилган ушбу нуфузли мусобақада 20 га яқин давлатдан 50 нафардан ортиқ ёш иштирок этди. Чарос мусобақада уч йўналишда ўз маҳоратини кўрсатди. Классик ва блитз йўналишларида биринчи, рапид йўналишида эса иккинчи ўринни қўлга киритди.

- Бир мусобақада икки йўналишда жаҳон чемпиони бўлдим, - дейди Ч.Баликова. – Бу албатта, институтимизда яратиб берилган имкониятлар, ота-онам ва устозларимнинг менга билдирган ишончи, асосийси, мураббийим, институт спорт клуби раиси ўринбосари Абдуҳамид Мусаевнинг кўмаги самарасидир.

Чемпионат якунида Бутунжаҳон шашка федерацияси раиси Иван Ильницкий томонидан институт ректори Баҳодир Холиқов номига федерациянинг ташаккурномаси ҳам топширилди.

Институт ахборот хизмати