Эллик кило уни бор одам бой ҳисобланарди

Нурбек чойини нари-бери ичди-ю, сумкасини кўтариб мактабга чопди. Барибир кечикибди. Мактаб ҳовлисида ҳеч ким йўқ. Синф эшигини секин очиб, ичкарига кирувди, ҳамма унга қаради. Савол бераётган тарих муаллими ҳам, жавоб бераётган Даврон ҳам унга юзланди.

-   Хўш, нимага кечикдинг? - сўради муаллим.

-   Ҳалиги ... тегирмонда навбат келмай қолди. Шунга...

-   Ҳа-а, тушунарли, - деди секингина муаллим. – Ўтир!

Муаллим унга меҳр билан қаради. Тегирмонда навбат олиш учун тонг саҳар 4:00 да бориш керак. Шунда ҳам навбат тегса, яхши. Бўлмаса пешинга қолиб кетасан. Ахир бутун катта қишлоқда битта шу Собир бобонинг тегирмони ишлаб турибди. Буғдойинг бўлгани билан тегирмонга бормасанг – нон еёлмайсан. Тегирмонда эса катта навбат...

Нурбек эллик кило буғдой солинган қопни тушириб, эшагини сал нарироққа боғлаб келди. Салом бериб, навбатда турганларга яқинлашди.

-   Кел болам, - деди Холбой бобо унга кўлимсираб. – Сен мана бу Қиличдан кейин бўласан.

Нурбек ўзича навбатни чамалади. Соат 7:00 ларга унга навбат келиб қолар экан. Яна ким билади дейсиз?.. Собир бобонинг тегирмони бир текис ишлайди. Тепадаги тош айланиб, “ғўрт-ғўрт”, деган овоз чиқаради. Тегирмоннинг дўлидан буғдой бир зайл тушиб турибди. Навбати келганлар унини олиб, хурсанд бўлганича эшагига ортиб, уйига жўнайди. Навбати келмаганлар унинг ортидан ҳавас билан қараб қолади. Тегирмонда ўн беш-йигирма одам бор. Киприк-қошлари ун гарди бўлган Холбой бобо ўрнидан туриб, ҳаммага бир-бир қараб олди.

-   Оғайнилар! Барчамиз бир қишлоқнинг одамимиз. Мен бир кам етмишга чиқдим. Хўп десанглар, бир гап айтсам.

Ҳамқишлоқлар бобонинг қандайдир муҳим гап айтишини билишди.

-  Сойнинг бўйидаги Ҳадичани биласиз. Икки ой бурун эри оламдан ўтувди. Уч қизи билан ёлғиз қолган. Уйида нони бор ёки йўқ. Менинг томоғимдан бир нарса ўтмайди. Унинг болалари оч ўтирса, мен қандай иссиққина нон ейман? – бобонинг кўзидан милт-милт ёш келди.

-   Илгаритдан айтилган - халқ бир муштдан берса, ўлдиради, бир бурдадан берса, тўйдиради. Келинглар, бир килодан берайлик. Бу замонлар ҳам ўтиб кетади.

Бобо шундай деб, бўш халта олди-да, ўзининг унидан икки ҳовуч солди. Ўша халтани ўртага қўйди.

-   Очилбой, мана шу халта қанча бўлса, олиб бориб беринг. Савоб бўлади.

Ҳамма қопини очиб, қимирлай бошлади. Нурбек ҳам қатордан қолмай деб, икки ҳовуч ташлади. Навбати келгач, унни олди, қопига солди. Ёнида турганлардан икки киши эшагига ортиб берди. Уйга хурсанд қайтган Нурбекнинг юрагида қандайдир енгиллик бор эди. Онаси икковлашиб, бир амаллаб ошхонага киритишди. Уст-бошини қоқди.

-   Айланайин боламдан, - меҳри ийиб елкасига қоқди онаси. – Ўғил бола-да.

Шунда Нурбек қандайдир муҳим, катта иш қилганини англаб етди. Ахир ҳозирги пайт қишлоқда бир қоп уни бор одам бойдай гап. Ғурур билан эркаклик қаддини тик тутди. Зериккан пайтлари қишлоқ кутубхонасидан бадиий асарлар олиб ўқирди. Унга айниқса, Чингиз Айтматовнинг “Кечиккан турналар” асари жуда ёқди. Асар қаҳрамони бўлган бола отаси урушда пайти колхоз ишларига ёрдам беради. Чўлда бўрилар билан ёлғиз курашади.

Нурбек анчагача шу асар таъсирида юрди. Отаси Россияда, қандайдир заводда ишлаб юрибди. Кетаётганда Нурбекни қучоқлаб, шундай деганди:

-   Ўғлим, энди рўзғорда сен катта бўлиб қолаяпсан. Баъзан оғирликларни елкангга олишга тўғри келади. Одам сабрли, чидамли бўлиши керак...

Ҳозир шуларни ўйлар экан, жўраси Набининг ёнига ўтирди. Наби унга кўлиб қаради: “Қалайсан?”. Юз-қўлини ювгани билан Нурбекнинг сочларида, кийимларида ун гарди сақланиб қолган. Ундан тегирмон ҳиди келиб турарди.

-   Эҳ болалар, - деди муаллим деразадан ташқарига қараб. – Ҳали бир замонлар келадики, тегирмонга бормайсизлар. Тонггача навбат кутиб ўтирмайсиз.

Қий-чув билан дарслар ҳам тугади. Уйга қайтаётганда Раҳимнинг кулгиси қистади:

-   Муаллим ҳам қизиқ гапни айтади-да. Ҳеч замонда тегирмонга бормасанг нон ея оласанми? Уйга ун келиши учун даштда буғдой ўриш, тегирмонда навбатда туриш керак.

Раҳимнинг гапи Нурбекка ёқмади: -   Қодир муаллим кўп китоб ўқиган жўра. Кўп нарсани билади. Шундай экан, балки бир замонлар келиб, тегирмонга бормасмиз. Унга ҳожат қолмас.

Яна Раҳимнинг энсаси қотди:

- Ўзинг ўйла, тегирмонга бормасанг, уйингга ун келмайди-ку! Қандай қилиб нон ейсан?

-   Унисини билмадим-у, муаллим бир нарсани билмаса гапирмайди...

Собир бобонинг тегирмони қанча айланса, чархи фалакнинг тегирмони ҳам шунча айланди. Нурбек ва жўралари мактабни битириб, тирикчилик важидан ҳар томонга тарқалиб кетишди. Ким уста бўлди, кимдир чорвадор. Наби дўхтир бўлиб, шаҳарда ишлаяпти. Носир жўраси ҳарбий экан. “Отпуска”га келган вақт жўралар шу баҳона йиғиладиган бўлишди. Кечқурун таомдан кейин чой ичиб ўтиришганда, Носир сўради:

-   Қишлоқдаги тегирмон ҳалиям ишлаяптими?

-   Э, қизиқсан-а, - деди кўлиб Раҳим. – Тегирмон қолибдими шу замонда?

-   Бўлмаса, нонни қандай еябсизлар? – сўради Носир.

-   Зўр замонлар бўлди-да, жўралар, - деди Раҳим. – Уннинг ташвишини ҳам қилмаймиз. Зокир унчи “Дамас”и билан унни олиб келиб, ошхонага киритиб беради. Телефон қилсак бўлди, ун дарров етиб келади. На бўғдой ўрамиз, на тегирмонга борамиз.

-   6-синфда пайтимиз Қодир муаллимнинг айтган гапи эсларингдами? Ишонмовдик.

-   Ҳа-а, шуни айт.

-   Қандай вақтлар эди-я?

-   Иссиқда даштда бўғдой ўрардик.

-   Кейин уни тозалаш керак. Ғалвирлаб, енгил шамолда совурардик. Ювиб, қуритиб, тегирмонга борардик.

-   Бир халта – эллик кило ун олиб келсак, биздан бой одам йўқ эди.

-   Тандирдан қизариб чиққан ноннинг ҳиди қандай ёқимли эди. Ўзи – нон дунёнинг энг зўр неъматида, жўра.

-   Ҳа-а , шуни айт.

Жўралар супада бир-бирининг елкасидан қучоқлаганича, юлдузли осмонга қарашади.

-   Ҳозир ҳам болалар эрта саҳарлаб турадими? – сўради Носир. – Биз турар эдик. Кўзимизни ишқалаб тегирмонга борардик.

Ҳамма ўзича ўйга толди.

-   Жўралар, - деди Нурбек ҳаммага бир-бир қараб. – Қодир муаллим соғ-омон юрибдими?

-   Мен эшитдим, - деди Раҳим. – Оёғи оғрирмиш. Кўпинча уйида ўтиради.

 Нурбек нимагадир ўйланиб қолди:

- Жўралар, эртага муаллимни бир кўриб келмаймизми ?

-   Жуда яхши бўлади-да, - маъқуллади Носир. – Мен яна қачон келаман?

Ҳамма бу гапга рози бўлиб, тарқалишди. Чорпояда ётганича юлдуз тўла осмонга қараб ётар экан, Нурбек ўзича жилмайиб қўйди: “Қодир муаллим яхши одам-да. Эртага бир гурунглашиб келайлик. Бу дунёнинг гурунглари ҳам қизиқ-да...”.

Бобораҳмат МУҲАММАДИЕВ,

Нуробод туманидаги 57-умумий ўрта мактаб ўқитувчиси.