Имом Бухорий мажмуаси - Янги Ўзбекистоннинг бебаҳо маънавий дурдонаси
Имом Бухорий мажмуаси оддий меъморий объект эмас, балки халқнинг тарихий ўзлигини англаш, буюк аждодлар меросига муносиб муносабат билдириш ва диний-маърифий қадриятларни замонавий тараққиёт билан уйғунлаштиришга қаратилган улкан давлат сиёсатининг амалий ифодасидир.
Имом Бухорий мажмуасининг бугунги қиёфаси, аввало, миллий давлатчиликнинг маънавий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган янги ёндашув билан аҳамиятлидир. Чунки Янги Ўзбекистон ғояси фақат иқтисодий ўсиш ёки инфратузилма янгиланиши билан чекланмайди. У инсон қадрини улуғлаш, жамиятнинг маърифий салоҳиятини ошириш ва тарихий илдизлар билан боғлиқликни мустаҳкамлашни ҳам назарда тутади. Шу маънода Имом Бухорий мажмуаси ўтмиш ва бугуннинг туташган нуқтаси, илмий мерос ва замонавий тараққиёт учрашган маскандир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 26 августдаги ташрифи чоғида бу мажмуа қурилишидан кўзланган асосий мақсад Имом Бухорий бобомизнинг қадрини янада юксалтириш ва уни дунёга муносиб тарзда намоён этиш эканини таъкидлайдилар. Ўша ташрифда мажмуа “буюк маънавий устун” бўлиши кераклиги қайд этилгани унинг маъноси фақат зиёрат билан чекланмасдан, кенг тарбиявий ва маърифий вазифани ҳам ўз зиммасига олишини кўрсатади.
Ҳадис илми мактаби Имом Бухорий мажмуаси атрофида шакллантирилаётган илмий-маърифий муҳитнинг яна бир муҳим бўғинидир.Мажмуа фақат меъморий кўрк билан эмас, балки унинг бағрида шаклланадиган илмий мактаб, тадқиқот анъанаси ва маърифий таъсир кучи билан қимматли.
Имом Бухорий мажмуаси 2026 йил 20 март, айни Рамазон ҳайити куни очилиши халқимиз учун ўзига хос Рамазон туҳфаси бўлди. Мажмуанинг меъморий ва функционал кўлами ҳам унинг янги давр руҳи билан барпо этилганини кўрсатади. Бу ер фақат зиёратгоҳ эмас, балки кенг жамоатчилик, тадқиқотчилар, ёшлар ва хорижий меҳмонлар учун мўлжалланган маънавий-маърифий марказдир. Мазкур мажмуа Янги Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Имом Бухорий номи мусулмон дунёсидагина эмас, жаҳон илм-фани тарихида ҳам юксак эҳтиром билан тилга олинади. Шу боис бу аллома номи билан боғлиқ мажмуанинг янгидан барпо этилиши Ўзбекистоннинг илмий-маънавий дипломатияси учун ҳам катта имконият яратади.
Мажмуанинг яна бир муҳим жиҳати – унинг жамият тарбиясига кўрсатаётган таъсиридир. Бугунги глобаллашув шароитида ёшларнинг тарихий хотираси, маънавий иммунитети ва илмга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш жуда зарур. Имом Бухорий мажмуаси ана шу эҳтиёжга жавоб берадиган макондир. Чунки бу ерда зиёрат ва тафаккур, тарих ва бугун, эътиқод ва маърифат бир нуқтада жам бўлади. Марказ фаолиятига оид ҳужжатларда электрон кутубхона яратиш, қўлёзмалар нусхаларини тўплаш, кўп жилдлик ислом қомуси ва маданий атласлар тайёрлаш, конференциялар ва семинарлар ўтказиш каби вазифалар назарда тутилгани ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Яъни, мажмуа жамиятни фақат ҳиссий жиҳатдан эмас, илмий далил ва маърифий асос билан тарбиялаш имконини беради.
Имом Бухорий мажмуаси атрофида кечаётган бунёдкорлик ишларини Янги Ўзбекистоннинг ислоҳотлари доирасидан ажратиб бўлмайди. Чунки бу маскан инсон қадрини улуғлаш, виждон эркинлигини таъминлаш, илм-маърифатни ривожлантириш, туризм салоҳиятини ошириш ва ҳудудлар жозибадорлигини кучайтириш сингари бир неча йўналиш билан узвий боғланган. Туризмга оид давлат дастурларида зиёрат объектлари бўйича ахборот материаллари, йўл кўрсаткичлар, хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ва тарғибот ишлари назарда тутилгани бу борада амалий чоралар кўрилаётганини билдиради. Бошқача айтганда, Имом Бухорий мажмуаси нафақат маънавий марказ, балки ҳудудий ривожланиш, маданий туризм ва хизматлар иқтисодиёти учун ҳам муҳим драйверга айланмоқда.
Умуман олганда, бугун ҳар қандай одам Имом Бухорий мажмуасига қараб, Янги Ўзбекистон қандай давлат бўлишни истаётганини англаши мумкин. Бу – ўз ўтмишини улуғлайдиган, аммо ўтмиш билан чекланиб қолмайдиган, диний-маърифий меросни қадрлайдиган, лекин уни замонавий илм, таълим ва халқаро ҳамкорлик билан бойитадиган, буюк аждодлар номини ёд этиш билан кифояланмай, уларнинг илмий ва ахлоқий меросини реал тараққиёт омилига айлантирадиган давлатдир. Имом Бухорий мажмуаси ана шу маънода Янги Ўзбекистоннинг бебаҳо маънавий дурдонаси, халқнинг ўз илдизларига таянган ҳолда келажак сари дадил интилаётганининг ёрқин рамзидир. Унинг қадри фақат мармар, кошин ёки улуғвор меъморчиликда эмас, балки у уйғотаётган тафаккурда, мустаҳкамлаётган тарихий хотирада ва тарбиялаётган маънавий масъулиятдадир. Шу боис бу мажмуа ҳақида сўз юритганда, уни фақат Самарқанддаги обида сифатида эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг бебаҳо маънавий дурдонаси сифатида баҳолаш тўғри бўлади.
Ҳусан Жўрақулов,
Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти профессори, фалсафа фанлари доктори.