Инглиз тилини онлайн ўрганиш: Рақамли даврда янги имкониятлар

Дунё бўйлаб таълим тизими сўнгги ўн йилликда катта ўзгаришларга учради. Хусусан, пандемия даврида онлайн таълимни бутунлай янги босқичга олиб чиқди.
Бугунги кунда онлайн таълим нафақат асосий таълим дастурлари, балки тил ўрганиш, жумладан, инглиз тилини ўрганишда ҳам муҳим воситага айланди. Инглиз тили ўқитишнинг онлайн платформалари ва ресурслари ўқувчиларга глобал даражада ўз билимларини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Бугунги кунда инглиз тилини ўрганишнинг турли хил онлайн курслари мавжуд. Масалан, Duolingo, Babbel, Coursera, edX ва бошқа платформалар инглиз тили ўрганувчилари учун инновацион ёндашувларни таклиф қилади. Бу платформалар ўқувчиларга инглиз тилининг барча аспектларини ўрганиш имконини беради: нутқ, тинглаш, ёзма ва ўқиш кўникмаларини ривожлантиради. Шу билан бирга, ушбу курслар ўқувчиларга дунё бўйлаб тенгдошлар билан ишлаш имкониятини тақдим этади. Дастурлар гамификация элементларини ўз ичига олади, яъни ўқувчилар ўзларининг ютуқларини кўриб, янги дарсларга иштиёқ билан киришади. Бу онлайн тизимлар ўқувчиларга инглиз тилини ўрганишни қизиқарли ва самарали қилиш имконини беради.
Шунингдек, онлайн платформалар ўқувчиларга интерактив методлар, видео дарслар, форумлар ва синовлар орқали билимни мустаҳкамлаш имкониятини беради. Ўқувчилар инглиз тилида жонли суҳбатларда иштирок этиб, ўз фикрини ёзма равишда ифодалаши ва ўзаро фикр алмашиши мумкин. Zoom, Google Meet каби видеоконференция дастурлари эса онлайн дарсларни жонли форматда ўтказишга имкон беради. Бу эса ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шунингдек, ўқувчиларга реал вақт режимида саволлар бериш ва муаммоларни ҳал қилиш имкониятини тақдим этади.
Онлайн таълимнинг яна бир афзаллиги — бу унинг қулайлиги ва мослашувчанлигидир. Ўқувчилар ўзларининг шахсий жадвалига мос равишда дарсларга қатнашишлари мумкин. Масалан, бир кун инглиз тилидаги янги сўзларни ўрганиш, бошқа кун эса ёзма машқларни бажариш мумкин. Бу тизим ўқувчиларга ўз билимларини ривожлантиришда ўзларига қулай бўлган вақтни танлаш имконини беради. Шунингдек, онлайн таълим платформалари тақдим этган ўқув материалларини исталган вақтда қайта кўриб чиқиш мумкин.
Онлайн платформалар орқали, ўқувчилар инглиз тилини ўрганиш жараёнида турли миллат ва маданиятлардан бўлган одамларга дуч келади. Бу маданиятлараро мулоқот ва тушунишни ривожлантиришга ёрдам беради.
Ҳозирги кунда онлайн таълимнинг инглиз тили соҳасидаги роли янада кенгайиб бормоқда. Келажакда сунъий интеллект, виртуал реаллик ва кенгайтирилган реаллик технологияларининг интеграцияси таълим жараёнини янада интерактив ва қизиқарли қилишга ёрдам беради. Ўқувчилар учун инглиз тилини ўрганишда янги ва илғор усуллар пайдо бўлади.
Севара Мамадиёрова,
Самарқанд давлат чет тиллари институти ўқитувчиси.