Инновацион ёндашув ҳаёт сифатини юксалтиради
Аграр соҳани ислоҳ қилиш, унга бозор механизмлари ва замонавий инновацион технологияларни жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга ошириляпти.
Хусусан, кластер усули йўлга қўйилди, бу эса бозор тамойилларига ўтишда, соҳада давлат аралашувини кескин камайтириш, режа ортидан қувиш ва мажбурий меҳнат ҳолатларига бутунлай чек қўйишда муҳим омил бўлмоқда. Бу дегани қишлоқ хўжалигида янгича қараш ва инновациялар кириб келишини билдиради.
Натижада ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам ошмоқда.
Биргина Нарпай тумани “Аҳмад Зоир ота” фермер хўжалиги мисолида оладиган бўлсак, фермер пахта етиштиришдан манфаатдор етиштирган пахтасини бугун юқори нархларда сотмоқда.
“Кейинги йилларда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермерлар мавзуси энг кўп кўтарилган мавзулардан бири бўлди. Аслида, фермерни елкасига шамол тегишига айнан кластерлар сабабчи Сабаби, бугун фермерлар етиштирган пахтаси юқори нархда сотиб олинмоқда. Президентимиз тадбиркорлар билан Очиқ мулоқотида “ҳамма қарши бўлса ҳам кластер фаолиятини ишга туширдик ва тизим ўз самарасини кўрсатди” деган гаплари бугун ўз исботини кўрсатди. Мен бу йил 38.6 гектар майдонга “Равнақ-2” навли пахта экдим, шартномага асосан кластерларга ўз маҳсулотимизни кластер билан келишилган нарх асосида топширмоқдамиз, бундан биз ҳам кластер ҳам манфаатдор” дейди, фермер.
Бугун ҳаётнинг ўзи янги инноватсион усул — кластер тизимининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий афзалликлари кўплигини намоён этмоқда. Энг аввало, кластер усулида маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчилар манфаатдорлиги кафолатланаётганини таъкидлаш жоиз. Қолаверса, тизим орқали “мавсумий ишчи” тушунчасига барҳам берилаётгани унинг аҳамиятли жиҳатларидан, дейиш мумкин.
Дарҳақиқат, кластер бўлгунча ҳамма фермерлар пахта планини бажариш ва йиллаб шу пулни орқасидан юриш билан сарсон эди.
20 йил олдин ҳам толани жаҳон бозоридаги баҳоси 1.8-2.0 доллар эди, ҳозир ҳам шу нарх, катта ўзгариш йўқ. Лекин Ўзбекистонда пахта нархи 120 фоизга ошди, сабаби талаб кўпайди, кластерлар янги ип калава фабрикаларини ташкил қилди, янги ишлаб чиқариш қувватлари кўпайди.
Зеро, давлатимиз раҳбари “Кластер ва манфаатдорлик — Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг келажаги. Илм-фан ва инноватсияларни жорий этмай туриб, бу соҳани рақобатбардош қилиб бўлмайди” деб бежизга таъкидламаган. Бинобарин, бундан кейин кластернинг аҳоли даромадларини ошириш, ишчи ўринларини яратиш, иқтисодиёт, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизатсия ва диверсификатсия қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришдаги аҳамияти ортиб бораверади, асло камаймайди.
А.Норбоев, Самарқанд вилояти агрохизматлар маркази директори.