"Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга қандай кўмак беради?

“Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 15 октябрдан бошлаб юртимиздаги 28 та туман ва шаҳарда эксперимент тариқасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

- Экперимент учун вилоятимиздан Пахтачи тумани ва Каттақўрғон шаҳри танлаб олинди, - дейди агентликнинг вилоят бошқармаси раҳбари Хуршид Назаров. – Ушбу қарор билан туман ва шаҳарларда ташкил этилаётган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларидаги ижтимоий ходимлар гуруҳларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳам белгилаб берилди. Унга кўра, ҳудудлар кесимида ҳар бир ходим икки ярим минг хонадонга бириктирилади. Бир ходимга битта ёки бир нечта маҳалла тўғри келиши мумкин. Бу ҳудудларда аҳоли зичлигига боғлиқ. Ушбу ходимлар аввал маҳалла раислари иштирокида хатлов олиб бориб, маҳалладаги ҳар бир хонадон ёки хонадон бирор аъзосининг ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги ўрганилади. Шу ўринда “яна хатловми” деган салбий фикр уйғониши мумкин. Бунинг ўзига яраша сабаблари ҳам бор, албатта. Шу кунгача турли ташкилотлар томонидан ўтказилган хатловлар, ўрганишлар аҳоли кутган натижани бермаган ҳолатлар ҳам бўлди.

Аммо ижтимоий ходимлар олдига қўйилган вазифалар аниқ. Яъни, ходим ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаронинг ҳолатини ўрганиб, шу ернинг ўзида уни ижтимоий ҳимоя гуруҳига киритади ва тегишлилиги бўйича масъул ташкилотга йўналтиради. Эндиликда талабгорларни ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этиш ёки бекор қилиш, шунингдек, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатига киритиш ва ундан чиқариш “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг қарорига асосан амалга оширилади. Бунда, ижтимоий ходимлар маҳаллада планшетлар орқали 21 турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматлар бўйича аризаларни онлайн тарзда қабул қилади. Яна бир муҳим жиҳатини таъкидлашим лозим. Шу кунгача ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги бўлган айрим кишилар бугун маҳалладан, эртага ҳокимиятдан, индинга сектор бошлиғидан моддий ёрдам сўраб, барча "дафтар"лардан ёки ҳар қандай ижтимоий кўмакдан баҳраманд бўлган ҳолда бошқа бир кўмакка муҳтож талабгор эса бирор марта ҳам ёрдам ололмаган ёки худди шу каби ногиронлик нафақасини олиш мақсадида турли қинғир йўлларни танлаш ҳолатлари кўп учрайди. Ваҳоланки, улар бирор иш фаолияти билан шуғулланишга имконияти бўлган, ижтимоий таъминотга эҳтиёжи бўлмаган ва ногиронлиги нотўғри белгиланган фуқаролардир. Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ижтимоий дафтарлар, ногиронлик бериш каби ижтимоий ҳимояга олиниши лозим бўлган ҳолатларни тасдиқлаш учун ижтимоий хизматларни мувофиқлаштирувчи ягона электрон платформа - “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими ташкил этиляпти. Бу орқали ижтимоий ходимлар томонидан фуқароларнинг аризалари онлайн қабул қилинади ва бунда “Меҳр дафтари”, “Саховат ва кўмак”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” ахборот базалари, шу жумладан, ушбу "дафтар"ларга киритилган фуқаролар ҳамда уларга тайинланган тўловлар тўғрисида маълумотлар интеграцияси таъминланади. Вазирлик ва идораларнинг 35 турдаги электрон маълумотлари алмашинуви йўлга қўйилади. Бунинг натижасида юқоридаги каби ҳолатларга йўл қўйилмайди. Талабгорнинг ижтимоий ёрдам олган ёки олмагани электрон базада кўриниб туради. Шу орқали айрим боқимандалик ҳолатларининг ҳам олди олинади. Бу инсон омилисиз, электрон айланма ҳужжат шаклида юритилади.

Ижтимой дафтарлардан чиқаришнинг ҳам янги тартиблари белгиланди. Шу кунгача ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқарога бирор асбоб-ускуна ёки бир марталик моддий ёрдам берилиб, кам таъминланганлар рўйхати ёки ижтимоий дафтарлардан чиқарилар эди. Оқибатда ускунанинг кредити, у тайёрлаётган маҳсулотнинг харидори йўқлиги сабаб фуқаро янада оғир аҳволга тушириб қоларди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун энди ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаронинг то жамиятга қўшилиб, ўз ўрнини топиб кетгунгача бўлган ҳолат назоратга олинади. 2024 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматлари марказлари ва уларнинг филиалларида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатишга ихтисослашган “Ижтимоий хизмат дарчалари” ташкил этилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдамларнинг 49 тури маҳаллада ва 30 тури “Инсон” марказларида кўрсатилади. Ушбу хизматларнинг 26 тури жорий йилнинг 15 октябридан ҳамда 23 турдагиси 2024 йил 1 январдан бошланади. “Ижтимоий хизмат дарчалари” орқали ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш учун аризалар қабул қилиш имконияти яратилади.  Бунда, ногиронликни белгилаш, протез-ортопедия билан таъминлаш, санаторийларга юбориш, психологик ёрдам ва ижтимоий нафақа тайинлаш бўйича хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади.

Афсуски, шу пайтгача ногиронларга йилда бир марта даволанишга ордер бериб, озиқ-овқат маҳсулотлари топшириб, шу билан ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаяпмиз, деган фикрда юрардик. Уларни иш билан таъминлаш, жамиятга қўшиш чораларини кўрмадик. Аслида эса уларнинг кўпчилиги бирор ҳунари бор, қўлидан иш келадиган кишилар.  Ижтимоий ходимлар ана шу жиҳатларга эътибор қаратади. Ишлашга имконият ва хоҳиши бўлган талабгорлар учун шароитлар яратилади. Ҳозирда касб-ҳунарга ўргатувчи мактаблар, мономарказлар билан ҳамкорликда ушбу марказларда ногиронларни ўқитиш имконияти ва уларнинг ўқиши учун шароит яратиш бўйича ўрганишлар олиб боряпмиз. Яширишнинг ҳожати йўқ, айрим ташкилотларда ногиронларни ишга қабул қилиши фоизи турли рақамларда кўрсатиб келинди. Аммо амалда бу ҳақиқий ҳолатни акс эттирмас эди. Аслида штат жадвалида 20 нафардан ортиқ ходими бор ташкилот ва муассасалар 3 фоизгача иш ўрнини ногиронлиги бор шахсларга бериши керак. Масалан, бир корхонада 100 нафар ишчи бўлса, шундан уч нафари ишга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахс бўлиши лозим. Ушбу тартиб “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунда белгилаб қўйилган. Бундан кейин ногиронлиги бор шахсларнинг иш билан таъминлаш билан бирга улар меҳнат қилаётган ҳар бир ташкилот ёки корхонада яратилган шароитлар ҳам ўрганилади.

Қарорда агентлик тизимига ўтказилаётган “Мурувват” ва “Саховат” уйларида реабилитация тизими васийликка олинган шахсларни реабилитация қилишга қаратилган ҳолда фаолияти қайта кўриб чиқилиши ҳамда васийликка ва ҳомийликка олиш тизими такомиллаштирилиши белгиланган. Энди оилавий болалар уйларини ташкил этишдан олдин уларда кўникмалар ҳосил қилиш учун махсус дастурлар асосида ўқитилади. Васийликка олувчилар махсус марказларда ижтимоий-психологик тестлардан ўтказилади. Бу шу пайтгача кузатилган айрим кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишга қаратилганлиги билан аҳамиятли. Бунинг учун ҳудудларда сайёр-мобил гуруҳлар - психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ходимлар фаолият юритади. Шунингдек, марказларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими йўлга қўйилади.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламининг муаммолари билан ишлаш, унинг самарали ечимини топиш катта эътибор, вақт ва синчковликни талаб қилади. Сабаби, бу жабҳада йиллар давомида муаммолар йиғилиб қолган. Шу боис агентлик фаолиятини тўла жорий этишдан аввал айрим жараёнлар эксперимент сифатида босқичма-босқич синовдан ўтказиляпти. Ўзини оқлаган ва ижобий натижа берган лойиҳалар кейинчалик тизимда тўлиқ жорий этилиши назарда тутилган.

Сулаймон МАРДИЕВ.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.