Инсон қадри, халқ дарди ва юртимиз келажаги мукаммал таълим-тарбияга боғлиқ

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини фақат чақирув ва даъват эмас, балки ундаш, қолаверса, келгусида қилинадиган ишларимизнинг бош режаси, десак тўғри бўлади.

Юртбошимизнинг заковатни, билимни, энг муҳими, таълимни юксалишнинг асоси сифатида улуғлаши ва уларни давлат дастурида устувор вазифа сифатида белгилаши биз, педагоглар учун катта масъулият юклайди. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб мамлакатни ривожлантириб бўлмайди. Бугун юртимизда таълим сифатини ошириш, ёш авлодга ҳар томонлама таълим-тарбия бериш долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиалида ҳам таълим сифатини ошириш, ўз соҳасининг етук мутахассисларини тайёрлаш учун керакли бўлган кўплаб чора-тадбирлар ишлаб чиқилган ва амалиётда қўлланмоқда.

Давлатимиз раҳбари айтганидек: «Бир ҳаётий ҳақиқат – бугун замон ҳар қачонгидан ҳам тезлашди». Шу боис замон талаблари асосида таълим ҳам янгиланиши ва ривожланиши зарур, энди таълим олувчиларнинг ҳам, таълим берувчиларнинг, қолаверса, таълим мазмуни ҳам янгиланиши, ўзгариши керак. Биз фаолият юритаётган ОТМда ушбу жараёнлар аллақачон бошлаб юборилган. Негаки, ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш барчамизнинг бурчимиздир.

Юртбошимиз ўз Мурожаатномасида олий таълим муссасалари фаолиятига алоҳида тўхталиб, кейинги йилларда олийгоҳларимиз 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етганини, қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошганлигини таъкидлади. Сон жиҳатдан бу кичик кўрсаткич эмас, лекин таълим сифати масаласини ҳам унутмаслик кераклиги ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Бунга ҳар бир олийгоҳ ўзи ҳаракат қилиши лозим, ўшанда натижа бўлиши ҳам уқтирилди. «Олийгоҳ ректорлари, профессор ва ўқитувчилар бу жараёнларда фаол бўлишлари, янги, илғор методикаларни жорий қилишлари керак» деган топшириқлари биздан ўз устимизда кўпроқ ишлашимизни талаб қилади.

Анвар Собиров,
СамДУ Каттақўрғон филиали педагогика ва тилларни ўқитиш факультети декани.