Институтда хурмони қуритиш иншооти ишга тушди
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтига Япония Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги (JICA) ҳамда Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети вакиллари келди.
Меҳмонлар “Самарқандда хурмо мевасини қуритиш орқали қишлоқ аҳолиси даромадини ошириш” лойиҳаси доирасида институтда эришилган натижалар, келгусидаги истиқболли режалар ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Лойиҳа доирасида жорий йилда институтда хурмо қуритиш иншооти қурилди. Ушбу омборда япониялик экспертлар томонидан хурмони қуритиш усули кўргазмали тарзда намойиш этилди.
Хурмони қуритиш иншоотининг майдони 0,10 га бўлиб, унда бир вақтнинг ўзида 80-100 тонна хурмо қуритилади. Шунингдек, хурмо меваларини сақлаш учун 200 тонналик 4 та бўлмадан иборат замонавий совутгич омбори ташкил этилган.
- “Uzun Agro Star” МЧЖ ҳомийлигида ташкил этиладиган ўқув курсларида институт олимлари аҳоли даромадини оширишга қаратилган, хурмо мевасини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш занжирини яратишга ўқитиб борилади, - деди институт ректори, профессор Шавкат Ҳасанов. - Аҳолининг хурмо мевасини етиштириш, қуритиш, сақлаш ҳамда сотиш бўйича саводхонлиги оширилиб, даромадлари ортади ҳамда бандлиги таъминланади. Ҳудудларда маҳсулот таннархи паст бўлган тахир таъмли (лимонли) хурмо мевалари қайта ишланиб, янги қуритилган миллий бренддаги экспортбоп мева маҳсулоти яратилади. Аҳолининг соғлом овқатланиш тарзи яхшиланиб, йод танқислигининг олди олинади.
Хурмо майизларига бўлган эҳтиёж дунё миқёсида ҳам юқорилигини инобатга олсак, уни экспорт қилиш истиқболлари ҳам катта. Ушбу лойиҳа қишлоқ аҳолиси даромадини ошириш мақсадида амалга ошириляпти.
Хурмони қуритиш усули яқин йилларда кенг оммага етказилади.