Вилоятда хотин-қизлар бандлиги билан боғлиқ ишлар сенатор иштирокида муҳокама қилинди
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Гулнора Маъруфова Zoom платформаси орқали Самарқанд вилояти, туман ва шаҳар ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, Халқ банкининг ҳудудий филиаллари, Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари раҳбарлари, “Ҳунарманд” уюшмаси вакиллари билан мулоқот ўтказган.
Унда жорий йил 6 ойи давомида вилоятда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларни ўқитиш масалалари таҳлил қилинган.
Таъкидланганидек, вилоятда ишсиз ва ишлаш истагидаги хотин-қизлар билан ишлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилган. Жумладан, вилоят бўйича аёллар тадбиркорлиги лойиҳаларини молиялаштириш учун 81,7 миллиард сўм ажратиш белгиланган. Жорий йилнинг ўтган 6 ойида 6 925 та лойиҳа учун 106 милиард сўм сафарбар қилинган.
Бироқ айрим ҳудудларда хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасидаги ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Жумладан, Каттақўрғон шаҳрида 133 нафар, Жомбой туманида 28 нафар аёлнинг бандлиги таъминланмасдан қолган.
Бундан ташқари, вилоятда ишлаш истагини билдирган хотин-қизларнинг 75,6 фоизи бандлиги ўзини ўзи банд қилиш орқали, доимий иш билан эса уларнинг бор-йўғи 14 фоизи таъминланган. Шунингдек, 7,1 фоизи узоқ муддатга ер ажратиш орқали деҳқон хўжалигида иш билан таъминланган.
Вилоятда 22681 нафар хотин-қизни касб-ҳунарга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш режалаштирилган, аммо уларнинг атиги 60,2 фоизи қамраб олинган.
Мулоқотда юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилиб, сенатор томонидан тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.