Ишлар кўп, вазифалар ундан кам эмас

Жорий йил халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссияларига ваколатлар, вазифалар ва айниқса, ишонч жуда катта аҳамиятга эга бўлди.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати билан доимий алоқа ўрнатилди.

Бундан ташқари, 2021-2023 йилларга мўлжалланган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиорация объектларини таъмирлаш, тиклаш лойиҳалари доимий комиссиямизда дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Масала кейинроқ халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди.

Ушбу жараёнлардаги масъулиятни тўла ҳис этмаётган, сайловчилар олдига кириб боролмаётган депутатларимиз ва соҳа раҳбарлари ҳам учраётганлиги кишини бироз ранжитади. Хусусан, комиссиямиз аъзолари Тўлқин Тожиқулов, Лобар Мўминова ва Эркин Шеровлар шу кунга қадар ўзлари сайланган ҳудуддаги аҳвол ҳақида вилоят Кенгаши сессиясида тасдиқланган анкета саволларига жавоб бермаган.

Албатта, улар фаолиятини яхшилаш бўйича таклиф ва тафсиялар берилди, ижобий ўзгариш бўлади, деган умиддамиз.

Умуман, доимий комиссия аъзоларининг фаолиятини таҳлил қиладиган бўлсак, Содиқ Ҳақбердиев энг кўп депутатлик сўровини чиқарган. Фаол ва ташаббускор, лекин доимий комиссия котиби сифатида вазифаларини амалга оширишдаги сусткашлиги кўпгина ишлар ёритилмай, ҳужжатлаштирилмай қолишига сабаб бўлмоқда.

Сенат аъзолигига сайланган депутатимиз Шавкат Жалолов амалий ва ҳомийлик ишларида кўпчиликка ибрат. Айниқса, ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали ўз фаолияти ва тадбиркорлиги юзасидан мунтазам чиқишлар қилиб туради.

Ўзим депутат ва доимий комиссия раиси сифатида Булунғур тумани Кенгаши ва сайловчилар билан учрашувларда ўттиздан ортиқ муаммоларнинг ҳал этилишига ҳисса қўшдим.

Доимий комиссиянинг иш режасига кўра, ҳар ойда биттадан мутассади ташкилотнинг ҳисоботи ёки ахбороти эшитилиб, зарурий қарорлар қабул қилинди. Жумладан, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 2019 йил ва 2020 йил 1-чорагида олиб борган фаолияти юзасидан бошқарма бошлиғи Д.Очиловнинг ҳисоботи тингланди.

Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ф.Абиловнинг вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари сунъий ўсишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисидаги тақдимоти ўтказилди.

Ушбу масала халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўн учинчи сессияси кун тартибига киритилди ва муҳокама этилди.

Бундан ташқари, вилоят Кенгашида қабул қилинган ўндан ортиқ қарор ижросини назорат қилиш доимий комиссиямизга юклатилган. Ушбу қарор лойиҳаларининг бажарилиши устидан мунтазам назорат ўрнатилган ва тегишли депутатлик сўровлари орқали натижалар олинмоқда.

Албатта, олдинда режалар кўп. Мисол учун, 2021-2023 йилларга мўлжалланган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаларининг 2021 йилга мўлжалланган қисмининг бажарилишини назорат қилиш энг муҳим вазифаларимиздан бири.

Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш борасидаги мутассади ташкилотларнинг фаолиятини мониторинг қилиб бориш, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари сунъий ўсишининг олдини олиш масалалари ҳам доимий комиссиямиз функционал вазифасига киради.

Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ,

Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссия раиси.